
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Иноят ота Содиқов 92 ёшда. У “GM Uzbekistan” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган замонавий автомашинани навбатсиз сотиб олиш ва унга бепул техник хизмат кўрсатиш учун имтиёзли сертификатидан фойдаланди. "Роҳат" автосалонидан "Damas" автомашинасини сотиб олиб, ўзи ҳайдаб чиқди.
– Фарзандларим билан анчадан бери "Damas" олишимиз керак, дея ўйлаб юрардик, – дейди отахон. – Президентимизнинг уруш ва меҳнат фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб чиқарган фармонига биноан машинани навбатсиз сотиб олдик. Бор-йўғи бир ярим соатда ҳамма ҳужжатларни расмийлаштириб, машинанинг калити қўлимга топширилди. Юртимиз тинч, ҳур замон абадий бўлиб, Президентимизнинг умрлари зиёда бўлсин.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори уруш фахрийларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларни муносиб ижтимоий муҳофаза қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги тизимли ишлар кўламини янада кенгайтирди.
Фармонга мувофиқ, Яшнобод тумани ҳокимлиги, мудофаа ишлари бўлими, “Нуроний” жамғармаси вакиллари Иноят ота хонадонида бўлиб, Хотира ва қадрлаш куни билан табриклаб, Президентимиз номидан 2 миллион сўм пул мукофотини топширди. Шоҳимардон маҳалласида яшовчи Иноят отанинг миннатдорлигини нурли чеҳрасидан, самимий суҳбатидан сезиш қийин эмас.
– Фронтга кетганимда тоғни урса, талқон этгудай йигит эдим. 1948 йили Тошкентга қайтиб, яна севимли касбим – ҳайдовчилик билан шуғулландим. Умримнинг 70 йилини шу касбга бағишлаганман. Мен дунёдаги энг бахтли ва бой одамлардан бириман: 10 фарзанд, 31 невара, 33 эваранинг ардоғидаман. Баъзан мени кўришга келган невара-чевараларим саноғидан адашиб ҳам кетаман. Шу кунларга етказганига минг шукр!
Иноят ота мудом ҳаракатда. Маҳаллада, таълим муассасаларида ёшларга тинчликнинг улуғ неъмат экани, бугунги фаровон ҳаётимизнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш зарурлиги ҳақида насиҳат қилади. Маънавий-маърифий тадбирларда фаол қатнашади.
Отанинг самарали меҳнатлари муносиб рағбатлантирилиб, "Жасорат", “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги” юбилей медаллари билан тақдирланган.
Суҳбат қизиганда отахон уруш йилларини хотирлаб, ҳалок бўлган қуролдошларини эслаб, сукутга кетди, билдирмай кўзига ёш олди. Бугунги фараҳбахш кунлар, мустақиллик яратган бемисл имкониятлар, тинчлик-омонликда ўтаётган ҳаёти учун яратганга беадад шукроналар айтди.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
ИқтисодОИТСга қарши курашиш тизимини рақамлаштириш: инновациялар, долзарб муаммолар ва амалий ечимлар
Бугунги кунда мамлакатимизда ОИВ/ОИТС касаллигига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2023 йил 20 январдаги “Одамнинг иммунитет танқис
ИқтисодЯнги лойиҳа: малина қандай етиштирилмоқда?
Бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги махсулотларини етиштиришда илғор ютуқларга эришилмоқда. Жумладан, 2023 йилда "Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшимча қиймат занжири ярати
Тиббий сабоқларБолалар учун ингаляция: ота-оналар билиши шарт бўлган қоидалар
Совуқ ҳарорат аксарият ҳолларда саломатликка салбий таъсир қилиши аниқ. Оқибатда турли вирус ва бактериялар таъсирида грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар кўпаяди. Айниқса
Тиббий сабоқларАломатларсиз иситма нима сабабдан чиқади?
Иситма – турли касалликлар белгиси. Аммо тиббиётда аломатларсиз тана ҳарорати кўтарилиши ҳолатлари ҳам учраб туради. Бундай вазиятда янглиш ташхис ва нотўғри муолажа беморнинг сало
