
«Диск чурраси» ташхиси сўнгги йилларда шу қадар кўпайиб кетдики, охир-оқибат бу ташхис кўпларни ташвишга солиб қўйди. Ростдан ҳам бу касаллик кўп учрайдими ёки оддий радикулитни ҳам «диск чурраси» деб ўйлашяптими? Шу каби саволларни менга жуда кўп беришади. Ўйлайманки, бундай саволлар билан бошқа невропатологларга ҳам кўп мурожаат қилишади. Бу жумбоқли саволга ойдинлик киритишга ҳаракат қиламиз.
Умуртқалар орасидаги дискнинг ўз жойидан силжишига диск чурраси деб айтилади. Диск ўз жойидан бир оз силжиса, у ҳеч қандай оғриқ бермайди. Бироқ унинг силжиши давом этаверса, бунинг оқибатида орқа мия ва ундан чиқувчи нервлар босилиб қолади ва кучли оғриқ юзага келади. Диск чурраси кўпинча бўйин ва бел-думғаза умуртқалари соҳасида пайдо бўлади.
Бўйин умуртқалари диск чурраси қандай намоён бўлади? Сабаблари қуйидагича: бир хил тарзда ишлайвериш, бошга оғир нарсанинг тушиб кетиши, баланддан йиқилиб тушиш, йўл-транспорт ҳодисаларида бўйин умуртқаларининг кескин қайрилиши каби жароҳатлар.
Бўйин умуртқалари орасида пайдо бўлган диск чурралари энса ва бўйин-елка соҳаларига оғриқлар беради, қўлларни кўтарганда, орқага қайирганда оғриқлар кучаяди, ҳаракат қилиш чегараланади, қўлларда ҳолсизлик пайдо бўлади. Баъзида бош мия томон йўналган умуртқа томирлари сиқилиши сабабли бош айланиши ва юрганда гандираклаб кетишлар ҳамда қулоқда шовқин кузатилади.
Бел-думғаза соҳаси умуртқалари диск чурраси. Сабаблари қуйидагича: оғир нарсалар кўтариш, жисмоний ҳаракатларсиз бир хил тарзда кўп ишлаш, йўл-транспорт ҳодисалари, баланддан йиқилиш каби жароҳатлар. Бу соҳадаги диск чурраси бел ва оёқларга оғриқлар беради, бемор ўтириб-турганда қийналади, оқсоқланиб юради, оёқлардаги ҳар қандай ҳаракатлар оғриқни юзага келтиради. Оғриқлар кўпинча битта оёқда кузатилади. Баъзида оғриқлар шу қадар кучли намоён бўладики, беморнинг бели қийшайиб қолади (бироқ бу ҳолат ўткир радикулитда ҳам бўлишини унутманг).
Ташхис қандай қўйилади? Невропатолог кўриги ва МРТ текширувлари асосида қўйилади. Бўйин ва бел соҳасидаги ҳар қандай кучли оғриқни МРТ текширувисиз диск чурраси деб баҳолаш асло мумкин эмас. Чунки бел соҳасидаги кучли оғриқлар орқа мия нервлари ва пардаларининг кучли шамоллашларида ҳам кузатилади. Уларнинг диск чуррасига алоқаси йўқ.
Баъзи одамларда кичик ҳажмдаги диск чурраси аниқланади ва улар ўзларидаги оғриқларни ушбу кичик диск чурраси билан боғлашади. Бу ҳам нотўғри. Кичик ҳажмдаги диск чурраси (масалан, 2-3 мм) кучли оғриқлар бера олмайди. Бундай ҳолатларда оғриқнинг бошқа сабабларини излаш лозим.
Кузатувларим бўйича бел оғриқларидан шикоят қилиб келган 10 нафар бемордан фақат биттасида оғриқлар диск чурраси билан боғлиқ бўлиб чиқаяпти. Демак, оғриқларни ҳар доим ҳам диск чурраси билан боғлайвериш керак эмас.
Операция қилиб, даволашни ким ҳал қилади? Нейрохирург ҳал қилади. Одатда, невропатолог каттароқ ҳажмдаги диск чуррасини аниқласа ва шу боис турли асоратлар хавфи туғилса, беморни нейрохирург маслаҳатига юбориш керак. Операциядан сўнг бемор, албатта, невропатолог назоратида туриши лозим.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
Тиббий сабоқларБолалар учун ингаляция: ота-оналар билиши шарт бўлган қоидалар
Совуқ ҳарорат аксарият ҳолларда саломатликка салбий таъсир қилиши аниқ. Оқибатда турли вирус ва бактериялар таъсирида грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар кўпаяди. Айниқса
Тиббий сабоқларАломатларсиз иситма нима сабабдан чиқади?
Иситма – турли касалликлар белгиси. Аммо тиббиётда аломатларсиз тана ҳарорати кўтарилиши ҳолатлари ҳам учраб туради. Бундай вазиятда янглиш ташхис ва нотўғри муолажа беморнинг сало
Тиббий сабоқларАнтибиотикларни қабул қилгандан кейин ичак микрофлорасини тиклашда...
Антибиотиклар – инфекцияли касалликларни даволашда энг самарали воситалардан. Аммо улар фақат зарарли бактерияларни эмас, балки ичакдаги фойдали микроорганизмларни ҳам «ўлдиради».
Тиббий сабоқларБошни ювиб, кўчага чиқиш соғлик учун хавфли
Баъзи инсонлар қандай шароит бўлмасин, тонгда илиқ ванна қабул қилишни хуш кўради. Айримлар эса эрталаб бошини ювиб, ишга ёки ўқишга боришга одатланган. Хўш, бу қанчалик тўғри? Бош
