Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

БОШИМНИ СИЛАДИ ВАТАН ҚЎЛЛАРИ

01.12.2014
49 марта ўқилди
БОШИМНИ СИЛАДИ ВАТАН ҚЎЛЛАРИ

Таҳририятимизга келган хатлар билан танишар эканман, самарқандлик Ашурбиби Баратованинг кечинмалари диққатимни тортди. Кўзимда ёш билан мактубни ўқиб чиқдим. Ота-она меҳрига, дийдорига тўймаган Ашурбиби ўзи ва тўрт укаси қариндош уруғларидан топмаган ғамхўрликни Ватанидан кўрганини, ўзининг елкасида Она-Юртнинг иссиқ тафтини ҳис қилаётганини қувонч ва фахр билан ёзган эди.

Биз бу мактубни жузъи таҳрир билан эътиборингизга ҳавола этишга қарор қилдик. Зора мурғак қалбнинг дил кечинмаларидан баъзи қаҳри қаттиқ, беоқибат қариндош уруғлар хушёр торца, деган тилагимиз бор.

Васила ПЎЛАТОВА

Ҳар бир инсон дунёга келганида ўз оиласи бағрида камол топишни, болаликнинг энг беғубор, ширин лаҳзаларини қувонч ва шодликлар, эзгу орзулар оғушида ўтказишни истайди. Биз ҳам оилада беш нафар фарзанд эдик (уч укам ва синглим)...

Мен 1999-йил 29-апрельда Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида дунёга келдим. Икки ёшга тўлганимда укам Жавоҳир туғилган. Ойим биз болаларнинг тарбияси билан шуғулланарди. Аммо кейинчалик дадамнинг ишлари юришмай қолди. Шундан сўнг ойим дадамга ёрдам бўлсин, деб ишга чиқди. Орадан яна икки йил ўтиб укам Жаҳонгир дунёга келди. Меҳрибонларим эртадан кечгача ишда бўлишар, укаларимни “овутиб” туриш менинг зиммамда эди.

Мен етти ёшга тўлганимда мактабга, 1-синфга чиқдим. Шунинг учун ойим ноилож ишдан бўшаб уйда қолди. 2007-йилда укам Жонибек, 2009 йилда эса синглим Иродахон туғилди. Биз бу вақтда бахтли оила бўлиб яшардик.

Турмушнинг мушти қанчалар қаттиқ бўлишини эса жуда ёшлигимдаёқ тушундим. Тақдирнинг бизга тайёрлаб қўйган синовлари кўп экан. 2011-йил бизнинг оила учун жуда ҳам оғир келди. Шу йили дадамдан айрилдик. Бу ҳам етмагандек ойим туҳмат билан қамалди. Бу воқеалар оиламиз ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди.

Дадамнинг вафотидан кейин “бундай қариндошдан бегона яхши” деган сўзнинг маъносини тушундим. Ўша кундан бошлаб амаким уйни бўшатиб қўйишимизни талаб қилди. Қариндош-уруғлар бизни қабул қилишмади. Кўчада қолиб анча вақтгача сарсон бўлиб юрдик. Бир куни бизни ойимнинг ота-онаси, бобом ва бувим олиб кетди. Уларнинг эпчилгина дастёрига айландик. Бироқ, тоғамнинг маслаҳати билан бизни “Меҳрибонлик” уйига топширадиган бўлишди. Тезда ҳужжатларимизни тайёрлаб, икки укамни Самарқанд шаҳридаги 9-сон “Меҳрибонлик” уйига, мени ва икки укамни 10-сон “Меҳрибонлик” уйига жойлаштиришди. Бу ердаги жамоа, болалар бизни жуда яхши кутиб олдилар, бироқ кўникишимиз қийин кечди. Чунки, бўлиб ўтган воқеалар бизга салбий таъсир қилган эди. Кетма-кет дадамдан, ойимдан, укаларимдан ва меҳрибон оиламиздан ажралдик. “Меҳрибонлик” уйи педагог ходимлари, тарбиячилари биз билан дилдан суҳбатлар олиб боришди, ўз маслаҳатларини беришди. Бу ерда фаолият кўрсатаётган барча ходимлар тақдири бир-бирига ўхшаш болажонларга жуда меҳрибон. Улар барча тарбияланувчиларни ўз фарзандларидек кўрадилар. Гуруҳимиз тарбиячилари Озода Тўрабоева, Саида Музаффарова ҳамда Озода Жумабоева мендан ташқари яна 12 нафар қоракўз дўстларимни меҳр билан тарбияламоқдалар.

“Меҳрибонлик” уйимиз раҳбари Салоҳиддин отамиз ҳам ҳар бир боланинг кўнглига йўл топиб, уларнинг дардларига қулоқ соладилар. У киши бизни ва бизга ўхшаган тенгдошларимизни бошқа “Меҳрибонлик” уйларида тарбияланаётган ака-ука, опа-сингиллари билан учрашишга шароитлар яратиб бермоқдалар. Шундай вақтларда мен 9-”Меҳрибонлик” уйида тарбияланаётган укаларимдан тез-тез хабар олиб тураман.

Қолаверса, муассасамизда спорт-соғломлаштириш ишлари ҳам яхши йўлга қўйилган. Турли йўналишдаги тўгараклар, спорт сексиялари фаолият кўрсатади. Мен “Бисер”, “Зардўзлик” ва “Миллий каштачилик” тўгаракларига қатнашмоқдаман.

Мен шу йилнинг баҳорида вилоятимизда бўлиб ўтган “Ташаббус – 2014” кўрик танловида “Мунчоққа ишлов бериш борасидаги ишланмаларим билан қатнашиб, “Энг ёш ҳунарманд” йўналишида ғолиб бўлдим. Бу ғалабамдан ҳаётга қизиқишим янада ортди.

“Меҳрибонлик” уйида тез-тез оммавий тадбирлар, кўрик-танловлар, юртимизда ижод қилаётган шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар, уларнинг китоблари тақдимотлари бўлиб ўтади. Катта хонадонимизга Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик келиб, бизлар билан дилдан суҳбат қурди. Ушбу учрашувда “Миллий каштачилик” тўгарагида тиккан, “От” рамзи туширилган палакни атоқли адибга совға қилдим. У киши ҳам менга ўз дастхати қўйилган китобни ҳадя этди.

Ҳа, тақдир йўлларида меҳрибонларидан айрилиб қолган, ёки турли сабабларга кўра ота-она ғамхўрлигидан мосуво бўлган болаларга давлатимиз томонидан чинакам эътибор ва меҳр кўрсатилмоқда.

Бу ғамхўрлик менга руҳ беради. Мана шундай бағрикенг эл боласи бўлганим учун фахрланаман ва келажакда Ватаним учун хизмат қиладиган фарзанд бўламан.

Менинг ушбу босиб ўтган ҳаёт йўлимни ёзишимдан мақсад, барча ота-оналардан ўз оиласига, фарзандларига меҳрли бўлиб, оила деган муқаддас масканни асрашларини сўрайман. Барча болажонларни ўз оиласи, ота-онаси бағрида камол топишларини тилаб қоламан.

Теглар:#2014/48

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241176
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221031
Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишидаЖамият

Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида

Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла

16.05.2022896
Йод етишмовчилиги жиддий муаммоЖамият

Йод етишмовчилиги жиддий муаммо

Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш

23.03.2023782