
Бу саволни ҳеч ўзингизга бериб кўрганмисиз? Фарзандингизнинг спорт билан жиддий шуғулланиши яхши. Лекин унга тарбия бераётган мураббий қандай одамлиги, ўз соҳасида қандай натижаларга эришгани, машғулотларни қай тартибда ўтиши, шогирдларида қай даражада спортга меҳр уйғота билиши ва ғалабага руҳлантира олиши – шулар билан қизиқиб кўрганмисиз?
Бу мавзуга қўл уришимга сабаб ўзимнинг ҳам ўғлим кураш тўгарагига қатнайди. Олти ойда озми-кўпми усулларни ўрганди. Дунёқараши, фикри, хатти-ҳаракатлари кескин ўзгарди. Одамови бола кутилмаганда киришимли, ҳозиржавобга айланди. Мана спортнинг яна бир фойдаси.
Шундай бўлса-да, ўғлимнинг машғулотларда қандай машқларни бажариши, нималар билан шуғулланиши ҳақида тасаввурга эга эмасман. Билишимча, у спортчи сифатида гигиенага, овқатланиш меъёри ва тартибларига қатъий риоя қилиши керак. Ана шулардан хабардор бўлиш учун ҳам спортчи боланинг мураббийси ва ота-онаси доимо ҳамфикр, ҳамкор бўлиши шарт экан.
– Бунинг учун мактабларда бўлганидай, мураббийлар ҳам вақти-вақти билан оталар мажлисини ўтказиб турса, яхши бўларди, – дейди Тошкент шаҳридан Азизбек Расулов. – Боламизнинг ўша спортга иқтидори, қизиқиши бор-йўқлигини билган бўлар эдик. Ахир, фарзандимизнинг мусобақаларда ғалаба қозониши фақат спорт залидаги машғулотларга эмас, балки оиладаги муҳитга, шарт-шароитга ҳам боғлиқ. Масалан, мусобақа олдидан машғулотлар яна ҳам кучайтирилгани учун болалар кўп куч йўқотади. Уларга витаминли овқатлар бериш керак. Буларнинг ҳаммаси тренер билан бамаслаҳат олиб борилади-да.
* * *
Баъзи мураббийлар иқтидорли, мусобақаларда яхши натижа кўрсатадиган шогирдларига эътиборни кучайтириб, бошқаларини бироз назардан қочиришади. Зеро, бундай болалар ҳам эртага кучли спортчига айланиши мумкин, ҳеч бўлмаганда, саломатлиги мустаҳкамланади.
“Тренер машғулотларни шундай ўтиши керакки, ҳар бир бола уйига “устоз бугун фақат мен билан шуғулланди”, деган тасаввур билан кетсин”, – дея фикр билдирганди спорт фидойиси Анвар Кенжаев. – Бу эса, ота-онанинг спорт залига тез-тез бориб, маш-ғулотларни, фарзандининг хатти-ҳаракатларини мунтазам кузатиб бориши мураббийнинг ҳам масъулиятини оширади.
Қолаверса, бундай пайтда ота-оналарнинг ўзлари ҳам тренерга айланиб қолишади. Болаларини спортга қизиқтирибгина қолмай, уларнинг бу борадаги муаммоларига жиддий эътибор қаратадиган бўлишади.
* * *
Бир тасаввур қилинг-а, оталар спорт залини тўлдириб турса. Ёки бўлмаса, улар ҳар бир мусобақада фарзандининг ёнида юрса, унга зўр руҳий далда, куч берган бўлади. Ортида уни қўллайдиган одамлар борлигини ҳис қилган бола мусобақада яхши натижа кўрсатиш учун яна ҳам фаолроқ ҳаракат қилади.
“Ҳар сафар ўғлимни мусобақага жўнатгунча, сингилчасини жуда яхши кўргани учун, “сен Севинч учун ҳам ғалаба қилишинг керак”, деб уни руҳлантираман”, – дейди бир дўстим. Аслини олганда, ҳар бир ота фарзандининг келажаги, соғлиғи ва муваффақиятлари учун янада масъул бўлиши лозим. “Машғулот пулини тўлаб қўйганман, турнирлар учун тренер бош қотирсин”, деган билан бўлмайди-да. Ота-она ва мураббий ҳамкорлиги ҳақидаги масалани жиддий ўйлаб кўриш пайти аллақачон келган. Ҳа, айтганча: ишқилиб, болангизнинг тренерини танийсизми, биродар?!
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
Тиббий сабоқларБурун ювиш муолажаси кимларга тавсия этилмайди?
Шамоллаш туфайли бурун оқиши ёки аллергик ринитдан азият чекаётган аксарият беморларга бурун ювиш муолажаси тавсия этилади. Хўш, мазкур даволаш усулининг самараси қандай? У кимларг
Иқтисод“Қувноқлар ва зукколар”: ким ғолиб?
Сингапурнинг Тошкентдаги Технология-менежмент ва коммуникациялар (ТМС) институтида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг факультетлараро босқичи бўлиб ўтди. Унда “Иқтисод” ва “
Тиббий сабоқларҚизамиқ кимлар учун хавфли?
Қизамиқ тана ҳароратининг кўтарилиши, юқори нафас йўллари, кўз шиллиқ пардаси, оғиз бўшлиғининг яллиғланиши ва терида қизил, йирик доғли тошмалар тошиши орқали белги беради. Касалл
Тиббий сабоқларРуҳий ногиронлар: улар кимлар?
«Ногирон» сўзи қулоғимизга чалинса, дастлаб иккала кўзи кўр, қулоқлари кар ёки оёқ-қўли шол одамлар кўз олдимизга келади. Ҳа, улар жисмоний нуқсонлари туфайли ногирон бўлиб қолишга
