Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Болалар тақдирига панжа орасидан қараб бўлмайди, аммо Оққўрғондаги мактаб-интернатида бунга йўл қўйилди

24.05.2018
53 марта ўқилди
Болалар тақдирига панжа орасидан қараб бўлмайди, аммо Оққўрғондаги мактаб-интернатида бунга йўл қўйилди

Кўнгли ярим, ногиронлиги бор шахсларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий кўмак бериш халқимизга хос эзгу фазилатлардан. Мамлакатимизда ана шундай инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган тиббий-ижтимоий хизмат ва моддий ёрдамни кенгайтиришга доимий эътибор қаратилмоқда.

Афсуски, баъзи ҳолларда бу эзгу саъй-ҳаракатлар ўз нафсининг қули бўлган, бу йўлда ҳатто, имонини ҳам сотишга тайёр кимсалар туфайли ўз манзилига етиб бормай қолмоқда. Бундай кимсалар айниқса, имконияти чекланган, кўнгли ярим болаларнинг ризқини қийишдек, гуноҳ ишга қўл ураётгани аянчлидир.

Яқинда ана шундай кимсаларнинг бир гуруҳи устидан Тошкент вилоят прокуратураси жиноий иш очди. Мухбиримиз Тошкент вилояти прокуратураси ходимлари кўмагида мазкур мавзуни ёритишга ҳаракат қилди.

Прокуратура ходимлари томонидан Оққўрғон туманидаги 78-сонли жисмоний имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат фаолияти ўрганилганда бу ерда қўпол равишда қонун бузилиши ҳолатлари содир этилгани аниқланди. Маълум бўлишича, мактаб-интернат мутасаддилари узоқ йиллар давомида кўзбўямачилик қилиб, таълим-тарбия муассасасидаги ҳақиқий аҳвол ҳақида юқори ташкилотларга нотўғри маълумот бериб келган.

Хусусан, текшириш вақтида мактаб-интернатида санитария-гигиена қоидаларига деярли риоя қилинмагани маълум бўлди. Масалан, мактабгача таълим гуруҳлари учун алоҳида турар жой ташкил этилмагани, у ерда яшовчи болаларга ювиниш учун шароит яратилмагани, ҳаттоки, таълим муассасасининг 33 нафар ходими тиббий кўрикдан ўтмаган ҳолда фаолият кўрсатиб келгани муассаса раҳбарлари масъулиятни мутлақо унутиб қўйганидан далолат беради.

Ачинарлиси, кўп йиллардан буён мактаб-интернатнинг ўқувчилар турар жойи биносида мавжуд ҳожатхона носоз ҳолда бўлиб, болалар ундан санитария-гигиена талабларига зид равишда фойдаланиб келаётгани ҳамда зарарсизлантирувчи эритмалар таъминоти йўқлиги натижасида бир қанча тарбияланувчилар тери-таносил касалликларига чалингани маълум бўлди. Устига-устак ушбу хасталикларни эрта аниқлаш ва унинг олдини олиш чоралари кўрилмаган. Бундан ташқари муассасада таълим-тарбия ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилиши оқибатида номаълум шахслар томонидан муассасанинг 16 ёшга тўлмаган тарбияланувчилари ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилинган.

Албатта, бу Тошкент вилояти прокуратураси ўрганишлари асосида ижтимоий тармоқларга сизиб чиқиб, кенг жамоатчиликнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлган ахборотлардир.

Биз мазкур ҳолатни батафсил ўрганиш мақсадида мактаб-интернатига бордик. Муассасага киришда қўриқлаш хизмати ходимининг “жонкуярлиги” бизни ҳайратга солди. “Нега келдинг, мақсадинг нима?” каби саволлар бериш ўрнига саломимизга алик ҳам олмай, телефондан бош кўтармади. Болалар тақдирига бефарқлик, ишга масъулиятсизлик қабулхонанинг ўзидаёқ намоён бўлди.

Биз борган вақт кун пешиндан оққан, бу пайтда болалар дам олишаётган экан. Шу сабаб улар ҳордиқ чиқараётган хоналарга киришни режалаштирдик. Бино остонасидан ҳатларканмиз, нохуш ҳид димоғимизга урилди. Икки дақиқада нафас олиш қийинлашди. Энди бу жойда яшаётганларнинг аҳволини тасаввур қилаверинг.

Афсуски, муассаса раҳбарини учратишнинг имкони бўлмади. Шу сабаб ётоқхона тарбиячиси ёрдамида ён-атрофни кўздан кечирарканмиз болаларнинг хонасига кириб, у ердаги шароитни кўриб, ёқа ушладик. Сим каравотга юпқа кўрпача тўшалган, эшиклар таъмирталаб, кийим жавонларининг эшиги ҳам йўқ. Дераза ромлари ўз хизматини аллақачон ўтаб бўлган, яна бир қишга дош бермаслиги аниқ. Хона деворлари бир аҳволда. Минг афсуски, бундай харобазорда кўнгли ўксик, эътиборга муҳтож болажонлар яшайди!

Қишлоқда яшовчилар болаликдаги дала шийпонларини эсласалар керак. Бу ерда ҳам деярли шундай манзаранинг гувоҳи бўлдик. Тушликка тутундан қорайган чўян қозонда овқат пиширилаётганини кўрдик. Энг ёмони, болаларнинг овқатига ҳашаротлар ҳам шерик бўлади. Чунки ошпазлар санитария қоидаларига амал қилмаслиги яққол кўриниб турибди. Қолаверса, озуқа ҳам етарли эмас. Харид қоғозида ёзилган маҳсулотларнинг кўпи амалда кўринмайди... Улар қаёққа кетган – бу ёғи энди бизга ҳам қоронғи. Норасидаларнинг ризқини ким “туя” қиляпти? Ўзганинг луқмасини бамайлихотир ейиш мумкинми?..

Ювиниш хонаси ва ҳожатхонани ҳам кўздан кечирдик. Бу ердаги ҳолат ҳам ўта ачинарли. Тарбиячилар билан суҳбатлашганимизда улар оддий ходим эканини, раҳбарлар ишига аралашмаслигини айтишди. Назаримизда, улар тозалик воситалари олиб келинса фойдаланишади, ўзлари сўраб олишга эса журъати етмайди.

Ана энди масаланинг иккинчи томонига ўтсак. Тартиб-интизом йўқлиги сабаб 16 ёшли тарбияланувчи И. Соколов бир ярим ойдан буён дарсга қатнашмаган, унинг бедараклиги ҳақида ҳатто, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ҳам хабар берилмаган. Тарбиячиларнинг айтишича, номаълум кимсалар ўспирин йигитларни тез-тез қандайдир ишларга жалб этиб, муассасадан олиб кетишаркан. Ўсмир ёшидаги қизлар ўртасида ахлоқсизлик, ҳомиладор бўлиб қолиш ҳолатлари ҳам аниқланган. Буларнинг барчасига раҳбарият негадир бепарволик билан қарагани кишини таажжублантиради. Қисқасини айтганда таълим муассасасидаги аҳвол талабга жавоб бермайди.

Айни пайтда юқоридаги ҳолатлар юзасидан мактаб-интернат мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Суд-тергов ишлари якунлангач, суднинг якуний хулосаси эълон қилинади. Шундан сўнг, кўп нарсага ойдинлик киритилади, албатта. Биз эса жараённи кузатамиз ва мавзуга яна қайтамиз.

Теглар:#2018/21

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Болалар церебрал фалажи – умрбод даволанишни талаб қиладими?Тиббий сабоқлар

Болалар церебрал фалажи – умрбод даволанишни талаб қиладими?

Таҳлилларга кўра, ҳозир дунё бўйи­ча болалар церебрал фалажидан азият чекаётган 17 миллион нафар бемор рўйхатга олинган. Аммо ушбу касаллик кўпинча кеч босқичда аниқланишини инобат

08.11.20241227
Теридаги холлар онкологик муаммоларга сабаб бўладими?Жамият

Теридаги холлар онкологик муаммоларга сабаб бўладими?

Хол одамнинг бўйин ёки бош каби аъзоларида жойлашган бўлса, уни жароҳатланишдан эҳтиётлаш лозим. Чунки бўйинга ҳар куни кийимларнинг ёқаси тегиб ишқаланади. Бошда бўлса, сочни тара

11.08.2023670
Болалардаги  тошмалар қандай хасталик белгиси?Тиббий сабоқлар

Болалардаги тошмалар қандай хасталик белгиси?

Мана, куз ҳам ниҳояламоқда. Салқин кунлар бошланган. Демак, ҳозир мавсумий аллергик хасталиклар авж оладиган пайт. Шулардан бири – чақалоқлар, болалар ва ўсмирлар ўртасида кўп учра

28.11.2023119
ОИТСга қарши курашиш тизимини рақамлаштириш: инновациялар, долзарб муаммолар ва амалий ечимларИқтисод

ОИТСга қарши курашиш тизимини рақамлаштириш: инновациялар, долзарб муаммолар ва амалий ечимлар

Бугунги кунда мамлакатимизда ОИВ/ОИТС касаллигига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2023 йил 20 январдаги “Одамнинг иммунитет танқис

29.11.20241250