Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Болалар бахт олиб келади

11.11.2013
61 марта ўқилди
Болалар бахт олиб келади

Чақалоқнинг “инга”си оламни бузиб, худди мен дунёга келдим, дея атрофга жар солаётгандек янгради. Реймажон опа гўдакни тезгина ўраб-чирмади-да онанинг кўксига қўйди.

Ҳали тўлғоқ дарди танидан аримаган аёлнинг кўзлари чақалоққа тушиши билан қувончдан чақнаб кетди.

– Табриклаймиз, ўғил муборак, умри билан берган бўлсин синглим, – дея энди бўшанган онага меҳрли нигоҳ ташлайди шифокор. Реймажон опа ҳар сафар янги чақалоқ туғилганида, она ва боланинг саломатлигига ишонч ҳосил қилгач, енгил тин олади...

Абдулла ака ва Ўғилжон опаларнинг оиласида иккинчи фарзанд дунёга келди. Бола ниҳоятда нимжон туғилди. Онанинг ҳомиладорлик даврида қон босими кўтарилиб кўп хасталангани сабаб чақалоқ саломатлигига салбий таъсир кўрсатган эди. Кейинчалик ўсмирлик даврида ҳам ота-онаси Реймажонни тез-тез шифокорлар кўригидан ўтказиб турарди. Шу боис бўлса керак, қизалоқнинг қалбида шифокорлик касбига меҳр уйғонди. Айниқса, Хонқа туман Болалар поликлиникаси шифокори меҳрли ва ширинсўз Матлаб Жабборовага у астойдил ҳавас қиларди. Балки оппоқ халати ўзига ярашган шифокорга бўлган ихлоси боис соҳага меҳр қўйгандир. Ёки болалигида кўп безовта қилган хасталиклар улғайганида шифокорлик касбини танлашга ундагандир. Болалик кезлари қалбига яна бир жароҳат солган қайғу – автоҳалокатда вафот этган отасининг васиятини амалга оширишни фарзандлик бурчи деб билгандир, балки...

Самарқанд Тиббиёт институтининг “Педиатрия” факультетини имтиёзли диплом билан тамомлагач Реймажон ўша пайтда Хонқа туманида жойлашган Вилоят иккинчи болалар шифохонасида интернатурани ўтади. Ўз касбига садоқатли ва инсонларга меҳрли устозлари туғруқ бўлими мудири Бегмат Искандаров ҳамда Рустам Қурбоновлардан шифокорлик ҳамда ташкилотчилик сирларини қунт билан ўрганди.

1986 йилда Боғот тумани туғруқхонасида неонатолог-шифокор бўлиб иш бошлаган Реймажон Нурметова уч йил аввал бош неонатолог вазифасига тайинланди. Шу билан бирга 1996 йилдан бери “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси Боғот туман таянч маскани директори сифатида ҳам фаолият олиб боради.

– Соғлом дунёга келган чақалоқларни онасининг бағрига қўйганимизда, чарчоғу ҳадигимиз унитилиб, қалбимиз чексиз қувончга тўлади. Аммо, бунинг акси бўлса-чи, албатта бу ҳолат қалбимизни жароҳатлайди. Баъзан турмуш ўртоғининг, қайнонанинг эътиборсизлиги сабаб, аёлда ҳомила яхши ривожланмайди. Сабаби ҳомиладор аёл ўз вақтида дам олиши, овқатланиши, энг асосийси руҳан хотиржам бўлиши зарур.

Соғлом ота-онадан соғлом фарзанд дунёга келади. Биз шифокорлар туман ҳокимлиги, туман хотин-қизлар қўмитаси, ўқув муассасалари ҳамда маҳаллаларда фаоллар билан ҳамкорликда “Соғлом турмуш тарзи”, “Қариндошга қуда бўлманг”, “Соғлом она – соғлом бола”, “Гиёҳвандлик – умр заволи”, кўкрак бези саратони ҳамда мавсумий касалликларнинг олдини олиш борасида аҳоли ўртасида суҳбатлар олиб борамиз.

Туманимизнинг “Қулон қорабоғ”, “Қизил равот”, “Найман”, “Хитой” каби чекка қишлоқларида истиқомат қилаётган кам таъминланган оила аъзоларини тиббий кўрикдан ўтказиб, уларда аниқланган анемия (камқонлик), буйрак ҳамда экстрогенитал хасталиклар учун зарур дори-дармонлар тарқатдик. Айниқса, беш нафар ногирон фуқароларга Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси томонидан ногиронлик аравачаси, моддий ёрдам, дори-дармонлар берилди, – дейди Реймажон опа Нурметова.

Аҳоли саломатлиги йўлидаги фидокорона меҳнатлари учун Р.Аҳмедова 2013 йилда Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасининг 20 йиллиги муносабати билан давлатимизнинг юксак мукофоти – “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.

Реймажон опанинг турмуш ўртоғи Жуманазар Қурбонбоев тумандаги 1-сон умумтаълим мактабида инглиз тилидан болаларга сабоқ беради. Улар фарзандлар тарбиясига ҳамфикр, ҳамжиҳат ёндашгани боис ўғил-қизлари баркамол вояга етди.

Тўнғич қизи Гўзал Қурбонбоева Ўзбекистон Миллий университетининг хорижий филология факультетини тамомлади. У Урганч шаҳридаги 1-Академик лицейида инглиз тилидан ўқувчиларга дарс беради. Иккинчи қизи Феруза Қурбонбоева Тошкент Ислом университетининг “Халқаро муносабатлар” факультетини тамомлаб, олий ўқув юртида ўқитувчи бўлиб фаолият олиб бормоқда. Ўғли Муҳаммаджон – ҳуқуқшунос.

Теглар:#2013/45

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Болалар церебрал фалажи – умрбод даволанишни талаб қиладими?Тиббий сабоқлар

Болалар церебрал фалажи – умрбод даволанишни талаб қиладими?

Таҳлилларга кўра, ҳозир дунё бўйи­ча болалар церебрал фалажидан азият чекаётган 17 миллион нафар бемор рўйхатга олинган. Аммо ушбу касаллик кўпинча кеч босқичда аниқланишини инобат

08.11.20241227
Болалардаги  тошмалар қандай хасталик белгиси?Тиббий сабоқлар

Болалардаги тошмалар қандай хасталик белгиси?

Мана, куз ҳам ниҳояламоқда. Салқин кунлар бошланган. Демак, ҳозир мавсумий аллергик хасталиклар авж оладиган пайт. Шулардан бири – чақалоқлар, болалар ва ўсмирлар ўртасида кўп учра

28.11.2023119
“Қувноқлар ва зукколар”: ким ғолиб?Иқтисод

“Қувноқлар ва зукколар”: ким ғолиб?

Сингапурнинг Тошкентдаги Технология-менежмент ва коммуникациялар (ТМС) институтида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг факультетлараро босқичи бўлиб ўтди. Унда “Иқтисод” ва “

16.11.2023975
Бир ёшгача бўлган болалар: нима мумкин эмас?Саломатлик

Бир ёшгача бўлган болалар: нима мумкин эмас?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан юртимиз бўйлаб ўтказилган «Боланинг соғлом овқатланиш ҳафталиги» муносабати билан вазирлик Матбуот хизмати гўдакнинг соғлом улғайишида она

22.06.2023322