Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Бола кулса, олам кулади

30.05.2016
58 марта ўқилди
Бола кулса, олам кулади

Болалик – хаёлот олами. Ёш улғайиб, бу оламдан узоқлашиб борганинг сари у тушга, етиб бўлмас рўёга айланади. Болаликнинг завқ-шавқли, орзу-ҳаяжонли, бетакрор ва олис хотираларини энтикиб-энтикиб эслайсан. Ер – ўша, осмон – ўша, фақат сен бошқасан. Болаликка хаёлан сайр қилган пайтларинг қадрдон дамларга бир пас қайтгандай, олам-олам шодлик билан чопқиллаб юргандай бўласан, дилинг тозаради, илийди. Кўнглида болалик туйғуларини, беғубор қувончларини асраб қола билган одамлар қандай бахтли-я, деб ўйлайсан беихтиёр.

1-июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан айрим юртдошларимизнинг болалик ҳақидаги ўй-фикрлари билан қизиқдик.

 

Анвар ОБИДЖОН,

Ўзбекистон халқ шоири:

– Яқинда Фарғонада “Биз – буюк юрт фарзандларимиз!” фестивали бўлиб ўтди. Ёшлардаги шижоат, ғайрат ва фаолликни кўриб чин юракдан қувонади одам. Бу шиор шунчаки эмаслиги, фарзандларимиз ҳақиқатан ҳам буюк юртда яшаётгани далили бу.

Фестивал доирасида бир қатор учрашувларда иштирок этдик. Шунда мен бир нарсани таъкидладим. Биз ўқиган мактаб эски бир бинода жойлашганди. Қишда ўқув хонамиз печка тутунига тўлар, ёғингарчилик пайтлари томидан чакки ўтиб кетарди. Энди ҳозирги шароитни қаранг: кўркам бинолар, жиҳозланган фан хоналари, спорт заллари, стадионлар... Қанийди, ёшлигим қайтиб келса-ю, қайтадан мана шу мактабларда, коллеж-лицейларда ўқисам, деб ўйлаб қоламан.

Булар мустақилликнинг, ёшларга берилаётган юксак эътиборнинг самараси. Энг муҳими, ана шу мустақилликни, юрт тинчлигини асрашимиз, бу ишга бор кучимиз билан ҳисса қўшишимиз керак. Худо хоҳласа, ҳаётимиз бундан-да фаровон, келажагимиз бундан-да ёруғ бўлади.

Турсунбой АДАШБОЕВ, болалар шоири:

– Одамнинг болалиги мундайроқ шароитларда ўца ҳам, ўзи учун азиз, қадрли. Болалигида ичган ёвғон ошининг таъмини улғайгач тополмайди, ялангоёқ тупроқ кечиб юрганидаги завқини қидириб овора. Гўдак учун оламдаги ҳамма нарса янги, шунинг учун барча нарсага ҳайрат билан қарайди. Кўрганлари онгига муҳрланади. Менинг болалигим ҳақида ҳам шундай гапларни айтиш мумкин.

Ҳарфларни таний бошлаган пайтимданоқ адабиётга меҳр қўйдим. Биринчи шеърим олтинчи синфда ўқиётганимда ҳозирги “Тонг юлдузи” газетасида босилган. Ана энди қувонганимни кўраверинг! Гўё бутун олам меники. Кейинроқ ўйлаб кўрсам, таҳририятдагилар менга имтиёз қилишган экан. Рағбат бўлсин, илҳомланиб кўпроқ ёзсин дейишган-да.

Бугунги ёшларга қаранг, уларга қандай имкониятлар яратилган. Кўриб фақат ҳавас қилиш мумкин. Мана шу имкониятлардан унумли фойдаланган фарзандларимиз катта-катта ютуқларга эришяпти, кўплари дунё миқёсидаги танлов ва мусобақаларда ғолиб бўляпти. Буларни кўриб, кўнглинг тўлади, дилинг яйрайди. Ўзимнинг болалигим билан қиёслаганда ер билан осмонча фарқ бор. Ҳозирги болалар замонавий технологиялардан фойдаланишнинг ҳадисини олган. Мана, ўзимдан мисол. Қўл телефонимга тушунмай қолсам ё келган хатни очолмай хуноб бўлсам, неварам жонимга оро киради. Замон билан ҳамнафас бўлган ёшлар келажакда бошқа соҳаларда ҳам етакчи бўлади деб умид қиламан.

Ойбек МАМАРАҲИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати:

– Мустақил мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар саломатлигини мустаҳкамлаш, таълим олиши, спорт билан шуғулланиши борасидаги ишлар давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Жорий йилнинг “Соғлом она ва бола йили” деб аталишида ҳам ана шу эзгу мақсад мужассам.

Шукурки, бугун фарзандларимиз бахтли болалик завқини суриб, тинч ва осуда юртда эмин-эркин вояга етмоқда. Бундан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Афсуски, айни пайтда оммавий ахборот воситалари орқали хориж давлатларида, жумладан, Афғонистон ва Яқин Шарқ минтақасининг айрим мамлакатларида кузатилаётган нотинч вазият барчамизни хушёр бўлишга ундайди. Ҳозирда ушбу ҳудудларда болаларнинг оч ва юпун ҳолда оғир ишларга жалб этилаётгани, ҳатто қурол ушлашга мажбур этилиб, беғубор болалиги увол қилинаётгани ана шу мамлакатларнинг инқирози дейиш мумкин.

Бизнинг демократик давлатимизда фуқаролар, жумладан, оналар ва болаларнинг саломатлиги, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари, таълим-тарбия олишлари, ёшларни касб-ҳунар ва меҳнатга жалб этиш каби масалаларнинг қонун билан ҳимояланганлиги таҳсинга лойиқ.

Жумладан, Меҳнат қонунчилигимизда 18 ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан шу тоифа ходимларининг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган меҳнат шароити, ноқулай ишларда фойдаланиш таъқиқланган. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 242-моддасига кўра иш вақти муддати 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган ходимларга ҳафтасига 36 соатдан, 15 ёшдан 16 ёшгача бўлганлар учун ҳафтасига 24 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланган.

Бир сўз билан айтганда мамлакат келажагининг ёруғ ва тўкис бўлиши, ана шу юртда камол топаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишига боғлиқдир.

Далер ШАВКАТОВ, “Данcинг Cаталониа” номли хореография ва вокал халқаро танлови ғолиби:

– Ҳар бир инсоннинг муваффақиятга эришишида кимнингдир далдаси керак бўлади. Ана шу кўмак ортидан инсон камолотга эришади, ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топади, ёрқин келажагини бунёд этади. Болалигим кунларимга гувоҳ бўлган қадим гўша – Самарқанд кўчалари, унинг тарихий обидалари, мовий гумбази илҳом манбаим бўлган бўлса ажаб эмас. Зеро, бу заминдаги ўзига хос руҳият ва кўтаринкилик ҳеч бир ерда учрамайди.

Болалигимдан мусиқа ва рақс мен учун ўзга бир олам бўлиб туюлган. Онамнинг айтишларича, арзимаган нарсалардан мусиқа асбоби ясаб, ўзимча турли қўшиқларни ҳиргойи қилиб юрар эканман. Қисқаси, ана шу оламга кўнглим ошуфта бўлиб улғайдим, камол топдим. Сўнгра, Самарқанд шаҳридаги 4-сонли мусиқа ва санъат мактабида малакали устозлардан мусиқа сир-асрорларини пухта ўргандим.

Жорий йилнинг март ойида Испаниянинг Коста Браво шаҳрида “Данcинг Cаталониа” номли хореография ва вокал халқаро танловида иштирок этдим. Ўша лаҳзаларда кўнглимдан отам, онам ва устозларимнинг “маҳоратингга ишон, мусиқа ва ҳаракатларни дилдан ҳис эт. Ана шунда яхши бўлади”, деган кўрсатмалари ўтди ва табиийки бу ҳаяжонни енгиб ўтишимда катта ёрдам берди. Мен дунёнинг 11 давлатидан 200 нафардан ортиқ иштирокчилар орасида биринчи ўринни эгаллаб, устозлармининг меҳнатини, юртимнинг беқиёс байроғини яна бир бор юксакка кўтардим.

Устозларимнинг кўп йиллик тажрибаси ва берган билимининг самараси мени юртимизда ўтказилган кўплаб танловларда ғолиб бўлишимга ёрдам берди. Уларнинг арзимаган ютуғимдан қувониб, билдирган самимий тилаклари мени беҳад қувонтириб юборади. Ўтган йили Рига шаҳрида бўлиб ўтган халқаро рақс фестивалида Стреет Данcе номинацияси бўйича гранпри, ҳамда биринчи ўрин совриндори бўлганим ана шундай юксак муваффақиятларимдан бири саналади. Бу чинакам тажриба ва маҳорат мактаби бўлди. Бу ғалаба мени жорий йилнинг март ойида бўлиб ўтган конкурсда иштирок этишим учун махсус сертификатни қўлга киритишимга ҳам ёрдам берди.

Теглар:#2016/21

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Болага уй шароитида муолажа қилишда ота-оналар қандай хатоларга йўл қўяди?Тиббий сабоқлар

Болага уй шароитида муолажа қилишда ота-оналар қандай хатоларга йўл қўяди?

Совуқ ва ёғингарчилик – ўткир респиратор вирусли инфекциялар авж олиши учун қулай муҳит. Ана шу даврда шамоллаш ва грипп сингари мавсумий касалликлар болалар ўртасида кенг тарқалад

13.12.20241254
Болалар церебрал фалажи – умрбод даволанишни талаб қиладими?Тиббий сабоқлар

Болалар церебрал фалажи – умрбод даволанишни талаб қиладими?

Таҳлилларга кўра, ҳозир дунё бўйи­ча болалар церебрал фалажидан азият чекаётган 17 миллион нафар бемор рўйхатга олинган. Аммо ушбу касаллик кўпинча кеч босқичда аниқланишини инобат

08.11.20241229
Бир ёшгача бўлган болалар: нима мумкин эмас?Саломатлик

Бир ёшгача бўлган болалар: нима мумкин эмас?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан юртимиз бўйлаб ўтказилган «Боланинг соғлом овқатланиш ҳафталиги» муносабати билан вазирлик Матбуот хизмати гўдакнинг соғлом улғайишида она

22.06.2023322
«Ходунок»дан узоқ вақт фойдаланиш болада маймоқликни келтириб чиқариши мумкинТиббий сабоқлар

«Ходунок»дан узоқ вақт фойдаланиш болада маймоқликни келтириб чиқариши мумкин

Аввало, айтиш лозимки, кичкинтой соғлиги ва ривожланиши унинг қанчалик ҳаракатчан эканига боғлиқ. Айниқса, юришнинг бош­ланиши бир ёшга тўлмаган бола учун муҳим босқич саналади. Би

26.04.2023270