– Боланинг олдида ёлғон сўзлаб бўлмас экан, – дея сўз очиб қолди дугонам. Қизиқсиниб нигоҳларимни унга қарацам фикрини изоҳлаш учун сўзида давом этди.
– Тунов куни жияним билан уйдагилардан сўроқсиз бир ерга боргандим. Қайтар чоғимда унга такрор-такрор ҳеч кимга айтма, дея уқтирдим. Бир амаллаб кўндирдим ҳам. Аммо буни қараки, тунов кундаги ёлғонимни куни кеча жияним ўзимга “бус бутунлигича” қайтарди. Боланинг ёлғони менга қимматга тушди. Энг ёмони, мен унга, нега ундай қилдинг, дея танбеҳ бера олмадим. Уялдим. Ахир бу алдовнинг бошида ўзим турган эдим-да. Дугонамнинг сўзларини тинглаб, ўйланиб қолдим. Наҳотки бола кўнглига таъсир қилиш шунчалар осон бўлса?! Дунёни энди англаб етаётган боланинг ёлғонни ўрганиб олиши шу қадар енгилми!?
Боланинг фикри-ўйи бамисоли оқ қоғоз, деган сўзлар бежиз эмас. Унга эзгулик уруғи қадалса, яхшилик унади. Аммо бунинг акси бўлсачи... Баъзан арзимас кўринган хатти-ҳаракатларимиз ортидаги хулоса дугонам ҳаётидаги воқеа каби аянчли бўлиши ҳам мумкин. Кекса бобо-бувиларимиз бежиз оиладаги сўзларга, хатти-ҳаракатларга эътиборли бўлишга бот-бот ундашмаган. Зеро, уйимиздаги жажжилар барча ишларимиз ва сўзларимизни тезда ўзлаштириб оладилар. Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади” деган нақл бежиз мавжуд эмас. Она қизалоққа кўзгу бўлса, ўғил отадан ўрнак олади. Боланинг ҳаётидаги илк идеали ота ва онадир. Шунинг учун уларнинг барча ишлари уларга мақбул кўринади. Гарчи бу хатти-ҳаракатлар нотўғри бўлсада. Ҳали яхши-ёмоннинг фарқини ажрата олмайдиган болалар, дадаси ёки онаси, хуллас катталардан ўзлаштирган барча ишларнинг “давомчиси”га айланади.
Боланинг соф фитратига гард юқмаслик учун ота-она сергак бўлиши керак. Ҳозирги кунда кундалик ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида оммавий маданиятнинг иллатларини учратиш қийин эмас. Турли ўйинчоқлар, сериаллар, мултфилмлар, ҳатто ширинликларнинг муқовасида ҳам унинг аксини кўриш мумкин.
Бир куни кўчада ғуж бўлиб ўйнаётган болаларнинг “отишма” ўйини эътиборимни тортди. Болалар бир-бирига “сен ўлдинг, мен сени ўлдирдим”, “Мен сени миянгдан отиб ташладим” қабилидаги сўзларни шу қадар осон ва мамнун ҳолда айтишяптики, буни эшитган киши бир сесканиб қўяди. Наҳотки, бу сўзлар мана шу болакайга ярашса? Болаларнинг тарбиясига улар кўраётган мултфилм ва кинолар, турли хил сериалларнинг таъсир кўрсатиши кундаги муҳокамага қўйиладиган долзарб муаммодир. Бунинг олдини олиш йўлларига тўхталганда, мавзу яна ўша оила деб аталмиш қўрғонга бориб тақалади. Зеро, оила жамики гўзалликларни тараннум этувчи ва уни боқий қадриятга айлатирувчи улкан кучдир. Ота-она эса ана шу кучнинг ўзаги, тамал тоши. Келажак авлоднинг баркамол ва маънавияти юксак бўлишида уларнинг ўрни муҳимдир. Фарзандингизга бундай бўлинг, ундай қилинг деган сўзлардан йироқмиз. Шунчаки, болангизга дунёнинг жамики яхшиликларини ҳадя этинг. Ана шунда тарбиянинг ҳосиласи ўз-ўзидан намоён бўлаверади.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
Тиббий сабоқларБолага уй шароитида муолажа қилишда ота-оналар қандай хатоларга йўл қўяди?
Совуқ ва ёғингарчилик – ўткир респиратор вирусли инфекциялар авж олиши учун қулай муҳит. Ана шу даврда шамоллаш ва грипп сингари мавсумий касалликлар болалар ўртасида кенг тарқалад
Тиббий сабоқларБолалар церебрал фалажи – умрбод даволанишни талаб қиладими?
Таҳлилларга кўра, ҳозир дунё бўйича болалар церебрал фалажидан азият чекаётган 17 миллион нафар бемор рўйхатга олинган. Аммо ушбу касаллик кўпинча кеч босқичда аниқланишини инобат
СаломатликБир ёшгача бўлган болалар: нима мумкин эмас?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан юртимиз бўйлаб ўтказилган «Боланинг соғлом овқатланиш ҳафталиги» муносабати билан вазирлик Матбуот хизмати гўдакнинг соғлом улғайишида она
СаломатликБола тунда тишларини нега ғичирлатади?
Баъзи болалар тунги уйқуда тез-тез тишларини ғичирлатади. Кўпчилик ота-оналар бундан ташвишга тушса-да, шифокорга боришга доим ҳам шошилмайди. Шу ўринда бу қанчалик хавфли, унга қа
