Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Бола ҳам ниҳолга ўхшайди

07.03.2014
52 марта ўқилди
Бола ҳам ниҳолга ўхшайди

Телефон жиринглади. Насиба опа гўшакни кўтарди. Одатий салом-аликдан сўнг, аёл мақсадга ўтди.

Ўғлим бетоб эди. Шунинг учун бугун тушликдан сўнг қабулингизга бормоқчи эдик.

– Бажонидил...

Телефон орқали нотаниш аёлга керакли муолажаларни тавсия қилган шифокор – педиатр Насиба опа гўшакни қўяр экан, унинг фарзанди соғлиғи ҳақида ўйлади чамамда, менга юзланиб, “Бола мисоли гул. Шунинг учун оналар бола парваришини тўғри, қатъий тартибда олиб бориши лозим. Бетоб бўлган ҳолларда эса алоҳида парвариш ва кўпроқ шифобахш дамламалар билан унинг иммунитетини ошириш керак”, деди ва яна тиббий ҳужжатларни варақлай бошлади.

Тошкент педиатрия тиббиёт институтида 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида болаларга шифо улашиб келаётган Насиба Казакханованинг деярли ҳар бир куни шундай мурожаатлар билан бошланади. Унинг фаолияти билан яқиндан танишар эканман, ҳузурига келган хаста гўдак тезда шифо топиши учун бор меҳрини бериб, тажрибаси ва фидойилигини намойиш этишига гувоҳ бўлдим. Эҳтимол, шунинг учундир шифохонада, таниш билишлар даврасида Насиба Казакханова деган ном жарангласа, барчанинг чеҳрасида мамнуният, унга нисбатан чуқур ҳурмат акс этади.

– Болалигимдан биология фанига жуда қизиқардим. Турли мевали дарахтлар ва гулларни парвариш қилиш, менга завқ бағишларди, – дейди у ёшлик дамларини хотирларкан. – Ҳамма жой обод ва озода бўлса, кўнглим равшан тортарди. Ўзим ҳам шунга ҳаракат қилардим. Бир боғнинг гуллаб-яшнаши учун фақат боғбоннинг тер тўкиши кам-ку, ахир. Шу нуқтаи назардан қарасак, инсон ҳаёти ҳам табиат, ўсимликлар билан жуда уйғунлашган. Бола ҳам ниҳолга ўхшайди. Унинг парваришига барча масъул. Аввало, ота-она, қўни-қўшни ва албатта, биз шифокорлар гўдакка бор меҳримизни беришимиз, уни авайлашимиз, кўз қорачиғимиздек асрашимиз зарур. Эҳтимол, шу ҳис мени Тошкент педиатрия тиббиёт институтига етаклаб келгандир.

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида истиқомат қилган Шокирхўжа Хафизов оиласидаги барча фарзандларини илмли, меҳнатсевар бўлиб, вояга етишига алоҳида эътибор қаратган. Шунинг учун ака-опалари изидан қолмай кенжа фарзанд Насиба ҳам 1972 йилда Тошкент педиатрия тиббиёт институтига ўқишга кирди. Бу даргоҳни муваффақиятли битиргач, фаолиятини шу ерда давом эттирди.

Баъзи ҳолларда Насиба опа қабулига шошилинч ҳолатда жиддий хасталик билан оғриган болалар ҳам келтирилади. Ана шундай лаҳзаларда қўли енгил Насиба опа ҳаёт ва дард ўртасида турган посбон сингари бебаҳо умрга йўл кўрсатгувчи нажот фариштасига айланади. Бунинг ортида ирода, тажриба тобланиб бориши тайин. Шундай вақтларда шифокорлик касбининг машаққатлари юзага чиқади.

– Касбни севсангиз, унинг машаққатини ҳам ҳис қилмайсиз, – дейди шифокор. Умрингизни ўзингиз севган касб билан боғлаш бахт эмасми?! Ахир умр йўлларида ўз иқболини тополмай юрганлар ҳам бор-ку?

Насиба опа турмуш ўртоғи Шуҳрат ака билан бола тарбиясига ҳам жиддий эътибор қаратишган. Бу эътибор фарзандлари Камолахон, Нодирахон, Латофатхонни эл корига ярайдиган, фидойи инсон бўлиб камол топишига замин бўлди.

Бежиз аёлни бахт ибтидоси, фаровонлик ижодкори, ҳаёт илҳомчисига менгзашмаган. Ана шундай аёллар орасида Насиба Казакханованинг номи ҳам шараф билан тилга олинса не ажаб. Насиба опа ҳаёти давомида сабр, фидойилик, меҳнатсеварлик каби сифатларни устоз билиб яшади. Зеро, бундай аёллар бахт ва фақат бахтга муносибдирлар.

Теглар:#2014/10

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Болага уй шароитида муолажа қилишда ота-оналар қандай хатоларга йўл қўяди?Тиббий сабоқлар

Болага уй шароитида муолажа қилишда ота-оналар қандай хатоларга йўл қўяди?

Совуқ ва ёғингарчилик – ўткир респиратор вирусли инфекциялар авж олиши учун қулай муҳит. Ана шу даврда шамоллаш ва грипп сингари мавсумий касалликлар болалар ўртасида кенг тарқалад

13.12.20241251
Болалар церебрал фалажи – умрбод даволанишни талаб қиладими?Тиббий сабоқлар

Болалар церебрал фалажи – умрбод даволанишни талаб қиладими?

Таҳлилларга кўра, ҳозир дунё бўйи­ча болалар церебрал фалажидан азият чекаётган 17 миллион нафар бемор рўйхатга олинган. Аммо ушбу касаллик кўпинча кеч босқичда аниқланишини инобат

08.11.20241227
Бир ёшгача бўлган болалар: нима мумкин эмас?Саломатлик

Бир ёшгача бўлган болалар: нима мумкин эмас?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан юртимиз бўйлаб ўтказилган «Боланинг соғлом овқатланиш ҳафталиги» муносабати билан вазирлик Матбуот хизмати гўдакнинг соғлом улғайишида она

22.06.2023322
Бола тунда тишларини нега ғичирлатади?Саломатлик

Бола тунда тишларини нега ғичирлатади?

Баъзи болалар тунги уйқуда тез-тез тишларини ғичирлатади. Кўпчилик ота-оналар бундан ташвишга тушса-да, шифокорга боришга доим ҳам шошилмайди. Шу ўринда бу қанчалик хавфли, унга қа

20.04.2023286