Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Беҳуда ўтаётган умр заволи

30.06.2018
52 марта ўқилди
Беҳуда ўтаётган умр заволи

унга сабаб гиёҳвандлик балоси

Бугунги кунда дунё жамоатчилигини ташвишга солаётган муаммолардан бири гиёҳвандликдир. Бежиз унга”ҳаёт кушандаси”, “ажал тўри”, деб таъриф беришмайди.

Бир сўз билан айтганда гиёҳванднинг қисмати кўпинча ўлим билан якун топади. Ота-она учун фарзандининг гиёҳванд бўлиб қолгани жуда оғир мусибатдир. Бундай вазиятда улар фарзандининг шу йўлдан чиқиб кетиши учун бор кучини сарфлайди. Аммо бу ҳаракатлар ҳар доим ҳам наф берармикан? Чунки гиёҳвандлик йўлига кириб қолган шахс бемор ҳисобланади.

Гиёҳвандлик – гиёҳванд моддаларни ёки сунъий равишда тайёрланган шундай моддаларни истеъмол қилиш, чекиш, ҳидлаш, танага суртиш ёки нина санчиш (инъекция) йўли билан қон томирларига юборишдир. Бундай моддаларнинг салбий хусусияти шундаки, уларни бир маротаба ҳидлаб ёки татиб кўрган шахсда мойиллик пайдо бўлади. Уларни 2-3 марта истеъмол қилиш одамни гиёҳванд моддага боғланиб, истеъмол этмаса туролмайдиган ҳолатга дучор этади. Бундай шахс уйқусизлик, хотира пасайиши, бош оғриғи, асабийлашиш, кайфиятнинг бузилиши, жаҳлдорлик, чарчаш, фикр тарқоқлиги ва бошқа шу каби салбий, руҳий асаб тизимидаги ўзгаришларга дучор бўлади. Гиёҳванд шахс ўзи билан ўзи гаплашади, алаҳсирайди, ўқишга, ишга лаёқатсиз бўлиб қолади. Улар моддий ва маънавий қашшоқликка юз тутиб, охири руҳий хасталикка чалинади. Аста-секин заҳри қотилнинг истеъмол миқдори ортади. Шунга кўра организм ҳам касалланиб боради.

Бола тарбиясида ота-онанинг у билан доимо суҳбатлашиши ўғил-қизларининг ҳамма саволларига жавоб бериши ва уларни руҳан қўллаб-қувватлаб туриши муҳим. Кўпинча ишдан келган ота-оналар фарзандлари билан жонли мулоқот қилишни исташмайди. Бола эса куни билан ота-онасини кутиб, бўлган воқеаларни гапириб бергиси ҳамда улардан руҳан кўмак истайди. Агар улар болага вақт ажратмаса ва эътиборсиз бўлсалар, унда ўғил ёки қиз кўчадаги одамлардан руҳий таянчни қидира бошлайди.

Айнан шундай вазиятда болаларнинг гиёҳвандлар қўлига тушиб қолмаслигига ким кафолат беради?! Айниқса, ўсмирлик даврида улар катта эътибор талаб қилади.

Ўспирин йигит-қиз ота-онасининг меҳри ва маслаҳатига муҳтож бўлади. Бу даврда ота-оналардан ўз фарзандини камситмасдан, у билан дўстлашиб, муаммоларни ечишга кўмакдош бўлиши талаб этилади.

Оилада ҳеч қачон фарзандларнинг бўш вақти бўлмаслигини назорат қилиш, ҳар бир дақиқанинг қадрлилигини унинг онгига сингдириб бориш керак. Фарзандлари меҳнаткаш бўлиши учун уни ҳар хил фойдали юмушлар билан банд қилиш ва албатта, уларнинг спорт машғулотларига қатнашишларини таъминлаш лозим. Шундагина ундан соғлом фикрлайдиган, етук инсон шаклланади.

Фарзанд тарбиясида меъёр деган тушунча шаклланиб бориши керак. Унинг ҳар бир хоҳишини дарҳол бажариш ҳам, жудаям эркалатиб юбориш ҳам нотўғри. Гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи шахслар айниқса, шунақа эркатой фарзандларни “ов” қилишади. Қармоққа тушганлар эса ўша хонадоннинг баракасини учиради. Лоқайд ва доимо “иш билан банд” ота-она эса фарзанд доғида куйиб қолиши мумкин.

Тарбияда уларга ота-боболарининг ютуқлари ҳақида гапириб бериш, авлодлар аждодларга муносиб давомчи бўлишларини уқтириш ҳам муҳим. Ота-оналар фарзандларига, ҳар доим ҳаётида иккита йўл борлигини яъни, биринчиси – осон, аммо охири ёмонлик билан тугаши мумкинлигини ва иккинчиси эса қийин, лекин охири яхшилик билан якунланишини тушунтиришлари керак. Гиёҳвандлик йўлидан қайтиш жуда оғир. Лекин кўп нарса беморнинг ўзига, унинг иродасига боғлиқ. Чунки қанчалик оғир бўлмасин, бу моддаларни истеъмол қилишдан қайтганлар ҳам бор. Бу дарди бедаво иллатга чалинмаслик учун доимо ота-оналар, қўни-қўшнилар, тарбиячи, устозлар ва албатта, ёшларимиз ниҳоятда сергак, эътиборли бўлишлари тавсия этилади.

Теглар:#Муҳим#2018/26

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Дори воситаларини қабул қилиш вақти қанчалик муҳим?Табобат

Дори воситаларини қабул қилиш вақти қанчалик муҳим?

Дори препаратлари таъсир этиш хусусиятига кўра турли вақтларда ичилади. Бу ҳақда йўриқномада аниқ кўрсатма берилади. Масалан: – таомланаётганда овқат ҳазм қилиш жараёнини яхшиловчи

03.07.2023260
Зумрад фаслда аллергик касалликлар кучаядими?Табобат

Зумрад фаслда аллергик касалликлар кучаядими?

Ён-атроф яшилликка бурканган. Аммо бундай ўзгаришлар айрим инсонлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Хўш, бунинг сабаби нима? Аввало айтиш лозимки, баҳор фаслида дарахтлар гу

14.04.2023183
Қандай ҳолатда ўт-тош касаллигини операциясиз даволаш мумкин?Табобат

Қандай ҳолатда ўт-тош касаллигини операциясиз даволаш мумкин?

Ўт пуфаги – овқат ҳазм қилиш тизимининг муҳим аъзоларидан бири. Шу сабабли унда кузатиладиган муаммолар организм фаолиятига салбий таъсир этади. Айниқса, ўт пуфагида ҳосил бўладига

29.03.2024354
Тиббиёт соҳасида халқаро илмий-амалий конференцияТабобат

Тиббиёт соҳасида халқаро илмий-амалий конференция

Мамлакатимизда вирусли гепатит касаллигини бартараф этиш масаласида жаҳон тажрибасини қўллаш бугунги кунда муҳим ўрин тутади. Айниқса, долзарб масалалар – гепатоцеллюляр карсиноман

12.10.2023353