Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Беҳуда орзу-ҳавас ёхуд қўшнининг сабоғи

09.08.2017
55 марта ўқилди
Беҳуда орзу-ҳавас ёхуд қўшнининг сабоғи

Эрта тонг эшик қўнғироғининг баланд овозидан барчамиз сергак тортдик. Бориб очсак, ён қўшнимиз, онамнинг яқин дугонаси Шоҳсанам хола чиққан экан. Хавотирга тушган онам қўшни аёлдан ҳол-аҳвол сўради:

– Келинг, Шоҳсанамхон тинчликми, эрта тонгдан безовта кўринасиз?! Болаларингиз яхшими? Неварангиз тузалиб қолдими?

– Тинчлик, тинчлик Санобархон, ўзим шунчаки. Кеча қўшнилардан тўй бошламоқчи эканлигингиз ҳақида эшитдим-у, сиз билан муҳим масалада гаплашиб олишни ўйладим. Ишонсангиз, базўр тонг отишини кутдим, кечаси билан ухлолмадим.

Онам ҳайрон бўлиб, қўшни аёлни меҳмонхонага бошлади...

Шоҳсанам уч йил олдин қизи Нафосатни ўзига тўқ оилага узатди. Тўй олдидан қизга қилинадиган сарпо-суруқни “бирозгина” ошириб юборди. Бу исрофгарчиликларнинг гувоҳи бўлган яқинлари уни йўлдан қайтаришга уринди. Бунга жавобан Шоҳсанам хола “Бошимда биргина қизим бўлса, ўзимга яраша орзу-ҳавасли инсонман. Бундан ташқари “тўйни қандай ўтказаркан” деб кўз тикиб турган дўст-у душманларим бор. Ёки тўйни яхши ўтказаётганимни кўра олмаяпсизларми?!”, – дея қариндошларидан хафа ҳам бўлган эди.

Данғиллама тўйдан сўнг, холанинг “дўстлар”и “ҳали ҳеч ким бунақа тўй қилмаганини, бу каби дабдабага ҳамманинг ҳам қурби етмаслигини”, – айтишганида, у гўё осмонларда учди.

Бундан руҳланган Шоҳсанам опа яқинлашиб келаётган Ҳайит байрами ҳақида жиддий бош қотирди. Ўйлай-ўйлай қизининг кам-кўстини топа олмаган “бечора она” 20 кун олдин Нафосатнинг уйига илинган пардаларни “янгилаб” беришга қарор қилди. “Ҳа нима қипти, уйида бир кун қора қозон қайнамаса қайнамапти-да. Барибир биров бундан хабар топмайди. Эрта-индин хўжайини маош олади. Ахир, байрам байрамдек бўлсин, душманларим кўриб қўйсин”, дея кўнглига тугди.

Афсуски, душманларни куйдиришнинг ҳам ўзи бўлмади. Сабаби Ҳайит кетидан туғилган кунлар бошланиб кетди. Байрамлар байрамларга уланди. Бу орада холанинг қон босими тез-тез кўтариладиган бўлиб қолди. Энг ёмони Шоҳсанам холанинг ўғли Суҳробнинг дабдурустдан уйланаман деган кундан бошланди. Севган қизининг узатилиб кетишидан хавотирга тушган ўғил ота-онасини қўярга-қўймай, тўйга тайёргарлик кўришга ундади. Онаизор ўғлига “у деб кўрди, бу деб кўрди”, лекин фойдаси бўлмади. Тўй харажатларига келганда ота-она анчайин иккиланиб қолди. Ахир, бир йилда иккита тўй, бунинг устига данғиллама тўй қилиш осон эканми?! Эскилар “Қиз узатганга қирқ йил тегма” деб бежиз айтишмаган-ку ахир.

Шоҳсанам хола якка-ю ягона ўғлининг тўйини қизиникидан кам қилмади. Болам ўксимасин, деди. Кўзига ўзлари яшаб турган хонадон ҳам кўринмади. Уни сотишга тўғри келди. Сотиб олган янги уй эгаси билан келишиб, бошпанасиз қолган оила ўз уйларига ижарачи бўлиб жойлашишди...

Рўзғор харажатлари, ижара тўловлари, шундоқ ҳам молиявий инқироз арафасига келган оилани анчайин қийнаб қўйди. Иқтисодий қийинчиликларга ўрганмаган ёш келиннинг овози кўчага қаттиқ-қаттиқ эшитиладиган бўлди. Оилавий жанжалларнинг бирида келиннинг қайнонасига қарата – “яшашга уйингиз йўқ-ку, яна менга ақл ўргатишингиз нимаси?!” – дея иддао қилиши қайнонанинг шундоқ ҳам тилка-пора бўлган юрагини парчалаб ташлади...

Шоҳсанам опа бировга дардини айтай деса, андиша қилади, ахир “дўст-бор, душман бор”. Қизиғи, данғиллама тўй қилганда оғиз кўпиртириб мақтаган “дўстлар” қийналиб юрган кезлари остона ҳатлаб ҳол-аҳвол сўрашни унутди. Корига ўша “яхши тўй ўтқизганини кўра олмаган,” уни исрофгарчиликдан сақлаб қолмоқчи бўлган қариндошлари яради. Уч йил бошпанасизликдан сўнг, кичик бўлсада, холага уй олишга кўмаклашишди...

Теглар:#2017/32

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
ХОТИН-ҚИЗЛАР БИЛАН ИШЛАШ ЁХУД ИСТИҚБОЛ ОДИМЛАРИЖамият

ХОТИН-ҚИЗЛАР БИЛАН ИШЛАШ ЁХУД ИСТИҚБОЛ ОДИМЛАРИ

Оила ва гендер илмий тадқиқот институтининг истиқболдаги фаолияти тўғрисида тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Оила ва хотин қизлар қ

07.03.2024781
Фарзанд кўриш орзусиСаломатлик

Фарзанд кўриш орзуси

Жуфтликларнинг туғилажак фарзанди ҳаёти, саломатлиги олдида масъулиятлари жуда катта. Ҳомиладорлик ўз вақтида юз бериши, энг асосийси, меъёрда кечиши учун унга тайёргарлик кўриш ша

06.07.2022310
Глаукома ёхуд кўк сув қандай хасталик?Тиббий сабоқлар

Глаукома ёхуд кўк сув қандай хасталик?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, кўзи ожизлик ва кўрликка олиб келувчи касалликларнинг энг кўп қисмини глаукома ташкил қилади. Глаукома (кўк сув ёки назла) кўз

23.12.2022284
Алалия ёхуд гапира олмасликТиббий сабоқлар

Алалия ёхуд гапира олмаслик

Алалия – гапириш қобилиятининг умуман йўқлиги ёки «қўпол» кўринишда бўлиши. Ҳомила пайтида ёки 3 ёшгача бўлган болалик даврида мия гапириш марказининг бузилиши ҳисобига келиб чиқад

29.12.2022247