Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Беғуборлик ва ҳайрат лаҳзалари

05.06.2015
49 марта ўқилди
Беғуборлик ва ҳайрат лаҳзалари

Болаларсиз дунёни тасаввур этиб бўлмайди. Улар ҳаётнинг жон томирларидир. Табассуми дилларга малҳам, қувончи бахтимизга ҳамдам. Кулиб турган мунчоқ кўзлар умр йўлимизнинг шамчироғидир. Беғуборлик ва масрурликни акс эттирган юзлари эса порлоқ толедан сўзлайди гўё. Дарҳақиқат, мамлакатимизда ҳар бир бола тақдири эътиборда. Уларнинг комил инсон бўлиб вояга етиши йўлида жонбозлик кўрсатилаётир. 1-июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан пойтахтимизнинг “Тошкент-Ленд” истироҳат боғида ташкил этилган “Ҳар бир фарзандга меҳр, эътибор!” мавзусидаги анъанавий кўнгилочар сайр ҳам жажжиларга бир олам завқ улашди.

Мазкур хайрия тадбири “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ҳамда ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, республика “Сен ёлғиз эмассан” болалар жамоатчилик жамғармаси, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда Тошкент вилояти ва пойтахтимиздаги “Меҳрибонлик” уйлари, “СОС” – болалар шаҳарчаларининг тарбияланувчилари қамраб олинди. Шунингдек, Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари тизимида ўз хизмат бурчини бажариш вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари ҳам жалб этилди.

– Биз бу ерга муассасамиздаги ўртоқларим билан келдик, – дейди Тошкент вилояти Бука туманидаги 15-“Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчиси Жамол Исмоилов. – Бу каби хайрия тадбирлари кўп ўтказилади. Юртимизнинг тарихий шаҳарлари Самарқанд ва Бухорога саёҳатга борганимизда ҳам бир олам таассуротлар билан қайтгандик. Ватанимизнинг шонли ўтмиши, улуғ алломаларимизнинг бой мероси ҳақида тушунчага эга бўлгандик. Бугун эса истироҳат боғида маза қилиб ўйнаяпмиз. Янги дўстлар орттиряпмиз. Бу эътибор ва ғамхўрликни ҳеч қачон унутмаймиз. Келажакда етук инсонлар бўлиб, Ватанимизга муносиб хизмат қиламиз.

Дарҳақиқат, Фонд томонидан “Меҳрибонлик” уйлари ва “СОС” – болалар шаҳарчалари тарбияланувчиларини ватанпарварлик ҳамда инсонпарварлик руҳида камол топтириш, билимли ва зукко бўлиб улғайишини таъминлаш мақсадида кўплаб тадбирлар ташкил этилади. Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад ҳам истеъдодли ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, ота-она меҳридан бебаҳра болаларга меҳр кўрсатиш, уларнинг мароқли ҳордиқ олишларини таъминлашдан иборат.

– Айнан шу истироҳат боғига келишни анчадан бери орзу қилардим, – дейди

пойтахтимиздаги “СОС” – болалар шаҳарчаси тарбияланувчиси Бегзод Авазхўжаев. – Аттраксионларда учдик, сунъий кўлда сайр қилдик. Айниқса, эртакмонанд ҳайвонот боғи менга жуда ёқди. У ерни айлана туриб биз ҳам табиатнинг ажралмас қисми эканимизни, унга ҳамиша меҳр ва эътиборда бўлиш лозимлигини уқдим. “Чархпалак”ка ҳам чиқдим. Жуда баланд экан. Юқоридан шаҳримиз манзараларини томоша қилдим. Узоқ-узоқлардан бўй бераётган замонавий бинолар, боғ-роғлар, хиёбону равон кўчалар ҳайратимни оширди. Шундай юртнинг фарзанди эканимдан яна бир бор фахрландим. Бу тадбир таассуротлари умрбод хотирамизда муҳрланиб қолса, ажабмас.

Шу куни сўлим “Тошкент-Ленд” боғи болажонларнинг шўх қийқириқларига тўлди. Уларнинг қалбидаги кўтаринкилик, юзидаги қувонч халқимизнинг болапарвар, меҳри дарё эканининг яна бир амалий ифодасига айланди. Айниқса, кам таъминланган оилалар фарзандлари таклиф этилгани юртимизда ижтимоий ҳимоя бош омил сифатида қадрланаётганидан далолат беради. Тадбир давомида Ватанимиз тинчлиги учун жон фидо қилган ҳарбийларнинг болалари тимсолида эса мардлик, ватанпарварлик, жасорат ва матонат каби тушунчаларнинг улуғланаётганини ҳис этиш мумкин эди.

– Онам, бобо ва бувимнинг бағрида, шу озод диёримизнинг имкониятларидан баҳраманд улғайяпман, – дейди саккиз ёшли Ёдгора. – Уларнинг айтишича дадам жуда мард ва жасур киши бўлган. У ўз хизмат бурчини ўташ вақтида, Ватанимиз тинчлиги, оилалар осойишталиги ва менга ўхшаган миллионлаб болажонларнинг бахтиёр яшаши учун умрини фидо қилган. Мен шундай дадам бўлганидан фахрланаман. Унинг хизматларини қадрлаган, хотирасини абадийлаштирган, бизга меҳрибонлик қилаётган барча-барчадан миннатдорман. Келгусида мен ҳам Ватаним тараққиёти йўлида меҳнат қиламан.

Тадбирнинг тантанали қисмида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ижрочи директори Нозимжон Мўминов ҳамда “Сен ёлғиз эмассан” ўқув маркази раҳбари Матлуба Охунова сўзга чиқиб, ёш авлоднинг таълим-тарбиясига, уларнинг юксак салоҳиятли ва Ватанпарвар бўлиб улғайиши йўлида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталди. “Ором” болалар ансамблининг мусиқий чиқиши эса йиғилганларга бир олам завқ улашди.

Теглар:#2015/23

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241178
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221032
Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишидаЖамият

Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида

Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла

16.05.2022897
Йод етишмовчилиги жиддий муаммоЖамият

Йод етишмовчилиги жиддий муаммо

Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш

23.03.2023783