
“Одамлар-у, одамлар боғда битган бодомлар, болалар-у болалар, чаманда гул лолалар! Эшитмадим деманглар, эшитганлар жилманглар! Бугун орзиқиб кутилган Баҳорой ва Наврўзойнинг ташрифини қутлаш мақсадида катта тантана уюштирилмоқда. Келинг, ўғил-қизларимизнинг беллашувига гувоҳ бўлинг”.
Сурхондарё вилоятидаги 12-сонли “Меҳрибонлик” уйида ташкил этилган Наврўз байрами жарчининг кўтаринки чақириғи билан бошланди.
Дарҳақиқат, юртимиздан қишнинг замҳарир кунлари чекинмай туриб пурвиқор тоғлар ва бепоён кенгликлардан ташкил топган Сурхон воҳасида бодом куртак ёзади. Қуёшнинг заррин нурлари кифтини илитган болалар бойчечак ва бинафша сайлига отланади. Ялпизу исмалоқлардан тайёрланган таомлар дастурхонларга кўрк беради.
Муассасада Наврўз байрамига бағишлаб, “Ўлкамга хуш келдинг, Наврўз!” номли бадиий-мусиқий тадбир доирасида “Анъаналар бешигисан, Она юртим” кўрик-танлови ўтказилмоқда. Термиз шаҳрининг марказида бунёд этилган, замонавий жиҳозлар билан таъминланган, барча қулайликларга эга бўлган мазкур муассасанинг ҳовлиси дид билан безатилган. Ҳовли пештоқларига илинган рангоранг пуфаклар ва байроқчалар киши руҳиятига байрам шукуҳини олиб кирса, ажабмас.
Ўтов атрофига “Меҳрибонлик” уйида фаолият юритаётган тўгарак аъзоларининг қўл меҳнати, қизларнинг зардўзлик ва каштачиликдаги энг сара қўл ишланмалари қаторлаштириб қўйилган. Мукаммал лойиҳа асосида ясалган самолёт ва ракеталарнинг макетларидан тортиб, нозик мунчоқлардан ясалган бежирим гуллар, халқимизнинг орзу-умидларидан сўз очувчи ажиб сўзаналар кўзни қувнатади. Байрамнинг олтмишга яқин меҳмонлари, мутасадди ташкилотларнинг ходимлари миллийликни ўзида жам этган ўтовни бирин кетин кўздан кечиришмоқда. Бугун “Меҳрибонлик” уйида тарбияланувчи етмиш нафардан зиёд болажон уч гуруҳга бўлиниб “Ўтов”, “Ҳаёт”, “Ҳамалой” номлари остида беллашади.
– Байрамлар кўнгил шодиёнаси, – дейди байрам ташкилотчиларидан бири, муассасанинг маънавий маърифий ишлари бўйича директор ўринбосари Алишер Қиличев. – Ҳеч ким бундан бебаҳра қолмаслиги керак. Шунинг учун байрамга муассасадаги барчани қамраб олишга ҳаракат қиламиз. Зеро, ана шу биргаликда ҳаракат қилиш ортида аҳиллик, меҳр-муҳаббат туйғулари шаклланади.
Алишер аканинг сўзларидаги тасдиқни муассасадаги 90 нафарга яқин ходимларнинг болалардан ташкил топган гуруҳларга бирикиб, иштирок этганидан ҳам билиш мумкин.
Беллашув шартларида ҳайъат аъзолари гуруҳларнинг саҳна кўринишидаги савия ва аҳамиятлилигини, ўтовларни миллий урф-одат ва анъаналарига содиқ қолган ҳолда безатиш ҳамда миллий таомларнинг тайёрланиши борасидаги қобилиятига алоҳида эътибор қаратишлари кўзда тутилган.
Беллашув бошланиши билан ҳар бир гуруҳдан элликка яқин иштирокчилар бор маҳоратию, иқтидорини намоён эта бошладилар. Саҳна кўриниши шартида гуруҳлар миллийликни намойиш қилибгина қолмай, меҳр-оқибат ва яхшилик каби инсонийлик фазилатларига алоҳида урғу бердилар. Ижро этилган саҳна кўринишлари замирида юртимизда амалга оширилаётган умуминсоний қадриятларнинг акс эттирилгани учун шартга кўра “Ўтов” гуруҳи ғолиб деб топилди. Навбатдаги “Таомлар баҳси” шартида эса 175 турдаги миллий ва лаззатли таомлари билан иштирок этган “Ҳамалой”дан ўтадигани топилмади.
Байрам дастурхони дид ва маҳорат билан тайёрланган тансиқ ва тотли сумалак-у ҳалим, кўк сомсаю, кўк чучвара каби турли таомлар билан тўлдирилди. Буларнинг барчасини муассасада тарбияланаётган пазанда ўғил-қизлар моҳир устозлари билан биргаликда тайёрлаган.
Танловнинг сўнгги шарти – ўтовни безатишда эса “Ҳаёт” гуруҳи нозик дид ҳамда миллий анъаналардан бохабар эканини намойиш этди.
– Фарзандларимиздан ҳар қанча фахрлансак арзийди, – дейди муассаса раҳбари Дилбар опа Сувонова. – Турли мусобақа ва танловларда ҳамиша ёруғ юз билан қайтишади. Берган таълим-тарбиямизни оқлашга, албатта, ҳаракат қилишади. Ўтган йили Қарши шаҳрида ўтказилган “Қашқадарё очиқ чемпионати” спорт мусобақаларида тарбияланувчиларимиздан Шаҳноза Примқулова, Нодира Амонқулова, Ҳумойиддин Маҳмудов, Акмал Икромовлар карате спорт тури бўйича 1-ўринни қўлга киритди. Термиз шаҳар “Сурхон” спорт мажмуасида ўтказилган “Карате” бўйича Республика очиқ чемпионатида ҳам болаларимиз умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Биргина бу эмас, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Тошкент шаҳар Маданият ва спорт ишлари бошқармаси, Ўзбекистон Карате Миллий Федерацияси, Тошкент шаҳар “Билол-Карате” спорт клуби ташаббуси билан ташкил этилган ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган чемпионатда Сурхондарё вилоятидан умумий ҳисобда 26 нафар спортчи иштирок этди. Қўлга киритилган 25 та медалнинг 6 тасида “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчиларининг ҳиссаси борлиги бизни қувонтиради.
Муассасада болалар нафақат спорт соҳасида, балки чет тилини ўзлаштириш борасида ҳам бир қатор ютуқларга эга. Буни биз Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган “Мй счоол” яъни “Менинг мактабим” номли иншолар танловида “Меҳрибонлик” уйи фахрли 1-ўринни қўлга киритганидан англашимиз мумкин.
Ташкил этилган варрак сайлида 20 нафардан ортиқ ўғил бола томонидан ясалган турли варраклар муассасанинг самосини тўлдириб, эркин ва обод диёрда янада баландроқ учишга интилаётгандек. Улар орасида Республика “Баркамол авлод” болалар ижодиёти марказида ўтказилган “Улуғбек юлдузлари” кўрик танловида биринчи ўринни эгаллаган ва айни дамда “Меҳрибонлик” уйининг “Авиамодел” тўгараги аъзолари К.Аннаев, Қ.Мўминов, Б.Тошпўлатов, Э.Эргашев каби иқтидорли ўқувчилар ҳам бор.
Наврўз яхшилик, умид ва ишонч айёми саналади. Болажонларга эътибор бериб, уларнинг кўнглига йўл топиб келажакда эл корига яраб, ўз бахтини топишига кўмаклашиш ана шу айёмда янада ўз ифодасини топади. Буни қарангки, муассасанинг собиқ тарбияланувчилари Сергей Низомов, Екатерина Низомовалар Термиз шаҳридан, Ибодулло Сатторов, Мурод Чоршанбиевлар Шеробод туманидан, Учқун Қаршиев ва Лайло Чибировалар Тошкент шаҳридан уй-жой билан таъминланган. 2014-йилнинг август ойида яна 4 нафар тарбияланувчилари Ибрагим Ибрагимов, Хошим Ибрагимов, Зебо Ибрагимова, Шахноза Қурбоновалар Термиз шаҳридан тегишли тартибда уй билан таъминландилар.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
МаданиятМактабда Наврўз тантанаси
Шайхантоҳур туманидаги 10-сонли мактабда Наврўз байрамига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Қадриятларимиз тараннум этилган тадбирда ўқувчилар томонидан намойиш этилган миллий либосла
Тиббий сабоқларОвқатланишдан кейин кўнгил айниса...
Овқатланишдан кейин оғриқ ва ноқулайлик сезишнинг кўплаб сабаблари бор. Агар оғриқ овқатдан кейин дарҳол сезилса ва у бир оздан кейин ўтиб кетса, бунга кўпинча овқат сабаб бўлади.
МаданиятМаънавият – билимлар асоси
Ташкент давлат техника университети “Геология қидирув ва кон металлургия” йўналишига тегишли ётоқхонада яшовчи талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш одат тусига айланган. Б
МаданиятХалқаро кўргазма: кўриб чиқиш ва намойиш этиш платформаси
"Ўзэкспомарказ" павильонларида 15-юбилей Марказий Осиё "Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2024" халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Бу йил 15 йиллигини нишонлаётган C
