Алишер Ивановнинг орзулари бисёр, мақсади аниқ ёшлардан. У Сергели туманидаги “Болалар маркази”да уч ёшдан олти ёшгача бўлган кичкинтойларга мусиқа, куй-қўшиқдан сабоқ бериб келаяпти.
Алишер гоҳ болалар жўрлигида қўшиқ ижро этади, гоҳ турли шеърлар, тез айтиш, топишмоқлар айтиб биргаликда қизиқарли машқлар ўтказади. Унинг дарс жараёнини кузата туриб, ўз ишига завқ билан ёндашаётганига гувоҳ бўламиз. Бу бежиз эмас, зеро Алишер ҳам ана шундай меҳр масканида улғайди, камол топди.
Хлебушкина номидаги 22-“Меҳрибонлик” уйи тақдирнинг изми билан яқинларидан жудо бўлган Алишернинг оиласига айланди. Болакай тенгдошлари каби бу масканда ўқиди, ўрганди, бу Ватанда инсон қадри азиз эканини юрагидан ҳис этди. Кўп йилдан бери “Меҳрибонлик” уйида фаолият юритиб келаётган устози Сергей Леханов эса болакайнинг юрагида мусиқага нисбатан чуқур муҳаббат уйғота олди. Санъатга ошно Алишер ўзининг намунавий хулқи, одоби, меҳнацеварлиги, шунингдек, иқтидори билан тенгдошларидан ажралиб турарди.
– Ҳар йили кўпгина ўғил-қизларимизни яхши ниятлар билан мустақил ҳаётга йўллаймиз, – дейди муассаса директори ўринбосари Хурсанд Холова. – Болаларимиз ҳар соҳада ўз иқтидорини намойиш этяпти. Шулардан бири Алишер Ивановдир. Унинг номини эшитганимизда кўз олдимизда самимий табассум қилиб турган йигитча гавдаланади. У ҳар жабҳада фаол ва ташаббускор, дўстларига содиқ, устозларига меҳрибон. “Меҳрибонлик” уйини тамомлаганига кўп вақт бўлса-да, Алишер ҳали ҳам биз, устозларини, укаларини йўқлаб муассасамизга тез-тез келиб туради.
Алишернинг орзулари ушалиб, Низомий номидаги Тошкент давлат Педагогика университетининг мусиқа факултетига ўқишга қабул қилинди. Талабалик даврида иқтидори ҳамда билими билан ўзини кўрсата олди. У маҳалла-кўйда ҳам шундай сифатлар билан ҳурмат-эътиборга сазовор бўлди.
– Алишерни маҳалламизда ҳамма яхши танийди, – дейди Сергели туманидаги “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мунира Сулаймонова. – У маҳаллада тантана, тўю маросим бўлди дегунча вақтини аямай дарҳол хизматга чоғланади. Каттага ҳурматда, кичикка иззатда. Барча билан бирдек тил топишиб кетади.
Юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаб, уларга кўплаб имкониятлар яратилмоқда. Алишер ҳам бундай эътибор ва ғамхўрликдан бебаҳра қолмади. 2010-йилда унга Сергели туман ҳокимияти томонидан уй-жой топширилди. Янги уй остонасига ўтган йили катта тўй-у тантана билан келин келди. Мария Родман хушмуомала, саранжом-саришта, эплигина. У Низомий номидаги Тошкент давлат Педагогика университетининг талабаси. Шунга қарамай турмуш ўртоғи Алишер билан биргаликда “Болалар маркази”да фаолият юртиб келаяпти. Яқинда ҳомийлар томонидан ёш оилага маиший техника жиҳозлари топширилди.
– Оила мен учун муқаддас. Болалигимда ўз оилам бўлишини чин дилдан орзу қилардим. Мана аҳил оилам, севимли касбим бор. Демакки, мен бахтиёрман. Мени тарбиялаб, камол топтириб, ҳар томонлама қўллаб-қуватлаб келган Ватанимдан беҳад миннатдорман, – дейди Алишер Иванов.
Алишер ўқишни тамомлаб, магистратура йўналишини давом эттириш ниятида. Келажакда катта саҳналарда қўшиқ куйлашни ният қилган бўлса-да, болажонлар даврасини тарк этгиси йўқ.
– Мен ана шундай давраларда улғайдим, – дейди у. – Устозларимнинг меҳнати бебаҳо саналади. – Уларнинг ишончини оқлашга, жонажон Юртим тараққиётига, меҳрибон халқимизнинг фаровон турмушига ўз ҳиссамни қўшишга интиламан. Шу йўлда тинмай меҳнат қиламан.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
МаданиятХалқаро кўргазма: кўриб чиқиш ва намойиш этиш платформаси
"Ўзэкспомарказ" павильонларида 15-юбилей Марказий Осиё "Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2024" халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Бу йил 15 йиллигини нишонлаётган C
МаданиятЁзнинг севимли маҳсулоти: эртаки тарвуздан заҳарланмай десангиз...
Ўлкамизга ёз кириб келиши билан мавсумнинг энг севимли маҳсулоти – тарвуз савдоси қизигандан қизийди. Сабаби жазирама кунларда тамадди учун ушбу резавордан фойдалироқ ва енгил ҳазм
ЖамиятГендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик
Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр
МаданиятМаънавият – билимлар асоси
Ташкент давлат техника университети “Геология қидирув ва кон металлургия” йўналишига тегишли ётоқхонада яшовчи талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш одат тусига айланган. Б
