"Нуржаҳон" этнографик халқ ансамбли билан биз "Ўзбекистон Маданияти ва санъати форуми" жамғармаси ва халқаро ЮНЕСКОнинг юртимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ўтказилаётган "Асрлар садоси" фестивалида учрашдик.
Тадбир ўтказилаётган Сармишсой дараларидаги ўзбекона супанинг чор-атрофига миллий кийимлар осиб қўйилган эди. Ушбу либослар ўзига хос симметрик нақшларга бойлиги ва ёрқин рангларнинг жилоси билан эътиборни тортарди. Яшнаган баҳорий айёмга уйғун гўзал кийим-кечакларнинг моҳирона тўқилган анвойи гуллари – анор гули, лола, бодом гули каби нақшлар томошабинни сўзсиз ўзига жалб этарди.
– Бир-биридан гўзал либослар экан, уларнинг ижодкори ким, – сўрадим супада давра қуриб ўтирган кишилардан.
– Ижодкори ўзимиз, бадиий жамоамизнинг ҳар бир аъзоси. Бу либослар бизнинг саҳна кийимларимиз, уларнинг ҳар бири айтадиган қўшиқларимизга монанд тикилган ва безатилган. Буни "Нуротанинг чевар қизлари" халқ қўшиғини куйлаганда, бунисини эса Мўътабар Алоуддинова "Отмагай тонг" қўшиғини куйлаганида қизларимиз рақсга тушганида кийишади, бунисини эса "Қора кўзим" мақомини жўр бўлиб куйлаганда киямиз, – жавоб қилди Норбиби Давлатова барча либосларни бир-бир кўрсатар экан.
–Қўшиқ куйлайсизми, тикувчилик ёки каштачилик билан шуғулланасизми?
– Мен ансамбль ташкил қилингунича тикувчи бўлиб, фабрикада ишлаганман. Лекин нуроталик хотин-қизларнинг бари тикувчилик, каштадўзликни билади-да, – фахр билан жавоб қилди Норбиби.
Норбиби Давлатова турмуш ўртоғи Ражаб Жумаев билан бирга республикага машҳур ана шу ижодий дастага дастлабки тамал тошини қўйган ташкилотчилардан бири. Ҳозир ушбу ансамблда унинг турмуш ўртоғи бадиий раҳбар сифатида фаолият юритади. Норбибини ушбу бадиий даста маънавий юксалтирди, десак хато бўлмайди. Ватанимиз мустақиллиги билан тенгдош мазкур фольклор ансамблида унинг 20дан ортиқ халқона оҳангда ёзилган шеърлари қўшиқ қилиб куйланади.
– Биз илк бор пойтахтда Ўзбекистон мустақиллигининг биринчи йили нишонланганида катта саҳнага чиққанмиз. Кейинги йили бизни Наврўз байрамига таклиф қилишди. Шундай қилиб ижодий жамоамиз шаклланди. Йилдан йилга репертуаримиз ҳам мазмунан ҳам ғоявий жиҳатдан юксалиб бормоқда, – дейди фахр билан Н.Давлатова.
Ўтган йигирма икки йил ичида улар ҳар йили бир неча бор катта саҳналарда ўз санъатларини намойиш этишди. Санъат орқали бутун республикани кезишга муваффақ бўлди. Ҳаётига мазмун, руҳиятига шодлик кириб келди.
Нурота туманидаги бу мўъжазгина жамоада айни пайтда 22 нафар ижодкор меҳнат қилади. У ерда етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган халқ санъатини улуғловчилар фаолият юритади. Худоёр Хидиров, Ҳикматилла Арабов каби ёши улуғлар билан бирга Дилшода Тоҳирова, Шаҳноза Жумабоева, Гулмира Ҳамробоева, Умида Мамараҳимова каби умидли ёшлар ҳам қўшиқ куйлаб, хиром айлайди.
Бадиий жамоа аъзолари 1994 йили "Чашма" республика кўрик-танловида олий ўринга муяссар бўлди. 1998 йили Германияда ўтказилган Бутунжаҳон фольклор этнографик ансамблларининг танловида уларга иккинчи ўрин насиб этди. Фарғоналик Раҳима Мирзоҳидова хотирасига бағишлаб 2010 йилда Қўқонда ўтказилган халқ ижодий дасталарининг беллашувида ҳам улар биринчи ўринни қўлга киритишди. Шунингдек, улар "Кўҳна замин оҳанглари" фольклор санъати республика телефестивалида 2012 йили "Энг яхши фольклор жамоаси" номинацияси бўйича ғолиб бўлишди.
Суҳбатнинг бошиданоқ самимий бу аёл мени билимдонлиги, интилувчанлиги, ақлу заковати билан ўзига жалб этди. Норбибининг ҳаёти ўз даври билан шу қадар пайванд бўлиб кетганки, назаримда унинг ютуғи ҳам шунда, ўз замонасининг фарзанди эканлигида.
Абадий ва ўткинчи ҳодисалар доимо тўқнашиб турадиган бугунги кунда Норбибининг шахсияти, бой маънавий дунёси, замоннинг қай жиҳатларини ўзида мужассамлаштиргани билан ҳам эътиборга молик ва қадрлидир. У шеъриятга, саҳнага ёшлигидан кўнгил қўйди. Бухоро Маданият техникумини 1988 йили тугатиб, маданият соҳасида ишлай бошлади. У ўн олти ёшида саҳнага қадам қўйган бўлса-да, мустақиллик даври ва бу даврга бағишланган тадбирлар Н.Давлатовани руҳий ва маънавий жиҳатдан юксалтирди.
Норбиби ижодий изланишлари билан бирга ана шу тармоқнинг истиқболларини ҳам ўйлади. Турмуш ўртоғи билан бирга уни ривожлантириш йўлларини ишлаб чиқди. Бахши шоир Эшниёз Ўроловдан "Чўпон бола" каби қўшиқларни ёзиб олиб, уни ансамбль жамоасига ўргатди. Эргаш Жуманбулбулнинг шогирди, кекса педагог ва бахши Эргаш Асабоевдан "Нурота" ва "Чашма"каби халқ қўшиқларини ўрганиб, уни ансамбль репертуарига киритди.
"Нуроталик чевар қизлар" қўшиғи ҳам халқ оғзаки ижодидан бир намуна бўлиб, унда қўшиққа мос ҳунармандлар ҳаёти акс эттирилган.
Матога гул нақш этамиз,
Чаманзорлар кашф этамиз,
Ипак-тола ва нина билан,
Қалб қўримиз бахш этамиз.
Қўшиқлар мазмунини теранроқ англашимиз учун Норбиби уларни завқ билан куйлаб беради. Турмуш ўртоғи Ражаб Жумаев эса унга жимгина қулоқ солиб кузатиб туради. Уларни оилавий санъатга бўлган меҳр боғлаб турганини сезиш қийин эмас. Меҳр-муҳаббатли оиланинг фарзандлари ҳам қобил бўлади, дейди халқимиз. Уларнинг бир фарзанди Улуғбек Навоий Давлат педагогика институтида, яна бир ўғли Шерзод Самарқанд Архитектура ва қурилиш институтида таълим олишади. Кенжатой Дилшода эса мактаб ўқувчиси.
Ансамблнинг яна бир фаол қатнашчиси Мўътабар Алоуддинова эса мусиқа ва санъат мактабида ўқитувчи.
Ана шундай жонкуяр ва фидойи исътедодли кишилар борлиги учун ижодий даста тезда элга танилди. Халқ орасида этник-фольклор ижодий дастаси номини олди.
– Биз ҳамиша қалби қайноқ, соддадил кишилар ҳақида ўйлаймиз. Қалбан меҳнаткаш кишилар бизга куч, илҳом бахш этадилар. Учрашувлардан катта руҳий мадад оламиз, – дейди самимийлик билан Мўътабархон.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
МаданиятМактабда Наврўз тантанаси
Шайхантоҳур туманидаги 10-сонли мактабда Наврўз байрамига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Қадриятларимиз тараннум этилган тадбирда ўқувчилар томонидан намойиш этилган миллий либосла
МаданиятМаънавият – билимлар асоси
Ташкент давлат техника университети “Геология қидирув ва кон металлургия” йўналишига тегишли ётоқхонада яшовчи талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш одат тусига айланган. Б
МаданиятХалқаро кўргазма: кўриб чиқиш ва намойиш этиш платформаси
"Ўзэкспомарказ" павильонларида 15-юбилей Марказий Осиё "Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2024" халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Бу йил 15 йиллигини нишонлаётган C
МаданиятЎЗБЕКИСТОНДА МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТДИ
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ва ОАВ миллий ассоциацияси томонидан ташкиллаштирилган Маданий мерос ҳафталиги ўз якунига етди
