Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

БАҲОРОЙНИ ЧОРЛАГАН САДО

06.03.2013
51 марта ўқилди
БАҲОРОЙНИ ЧОРЛАГАН САДО

Қиш мезбонлигининг сўнгги кунлари. Табиатда яна бир мўъжиза юз беради. Қуёш қиш заҳридан толиққан борлиқни илиқ кафти ила эркалаб, ҳар бири ўз вазифасига чорлаётгандек. Тарновлардан юмалаб тушаётган биллур томчиларнинг киши билмас зарби гўё борлиқни аста уйқудан уйғотади. Борлиқ узра таралган садо олис-олислардаги келинчак баҳорни чорлайди.

Ҳаётбахш, қуёш тафтига тўйинган илиқ обиҳаёт сингиб, замин пойида мудраб ётган чучмома, бойчечак, бинафша каби Баҳоройнинг хушбўй, зебо сепларини аста уйғотмоққа шайланади. Она табиат чалган зангидан атроф жонланади.

У ҳаётий бонг бўлиб, борлиқни яшнашга, яшаришга чорлайди. Унинг чорловидан, узоқ ўлкаларда яшаётган, ўз дийдорига соғинтирган Баҳоройнинг синглиси, қоракўз қалдирғочга уй пештоқида илинган кўшкини бир ёдига солса ажаб эмас. Бу жаранг садосидан дала-даштларни ажиб тароват ва хуш ифор чулғайди гўё. Боғлардаги дарахт шохларининг ҳар қатига яширинган, табиатнинг энг азиз арзандаси бўлмиш инсонларга аталган митти туҳфалар яна ҳам аён бўлиб, бўртиб борар, ҳадемай ундаги сеп очилиб, атрофни ёқимли бўй тутиб, юракларни энтиктириб юборади.

Биллур оҳангларидан дунё уйғонса, қуёш билан дийдорлашган чоғда ундан товланган камалак мисол ранглар жилоси борлиққа сачраб кетади. Дала-дашт, қир-адирлардаги ранглар таровати бунчалар хушрўй. Яшил, пушти, нафармон... Қаршимизда сайқалланаётган ранг-тасвирни кўриб, Буюк мусаввирнинг маҳоратига таҳсинлар айтасан.

Биллур томчилар жаранги инсон кўксида ураётган юрак зарбига илҳом бағишлайди. Ундан руҳланган ҳаёт яна ҳам кучлироқ ура бошлаб, яшаш завқи нақадар гўзал ва бебаҳо эканлигини ҳис этади. Ана шунда қиш заҳридан ҳоли бўлган ёру дўстлар, қариндош-уруғлар бир бирининг дийдорига ошиқади, уларнинг суҳбатини нақадар соғинганини ҳис этади.

Тарновлардаги сумалаклар жаранги анчадан буён ҳувиллаб қолган кўча-кўйда, маҳаллаларда, оталар чойхонасида кекса боболаримизни, онахон ва момоларни орзиқиб кутган дийдор ва ширин суҳбатга чорлайди. Кексалар қуёшни ўзларига дўст тутиб, унинг илиқ тафтида гурунг қилишади.

Инсонларга бора-бора жон роҳати бўлган иссиққина қишки кийимлар ҳам кишига бир мунча душвордек туюлади. Баҳорнинг завқидан осмонларда бу “оғир юк” билан учиб бўлармиди. Қишки либосларим билан вақтинча араз тутиб, жовонимизнинг бир бурчига жойлаб қўйиб, ўрнига соғинтирган баҳорий енгил кийимларни олиб, силаб-сийпаб, ёқимли бўйидан тўйиб-тўйиб ҳидлаб оламиз. Ўтган наврўз айёмидаги, либосимиз четига ёпишган сумалакнинг сақичини кўриб, дошқозонлардаги сумалакани соғинасан киши. Гўё бу кийимлардан сумалакнинг ёқимли ифори келаётгандек. Эҳтимол бу соғинганимиздандир.

Теглар:#2013/9

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаолликЖамият

Гендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик

Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр

27.11.20241176
Карьера кунида нималарга эришилди?Жамият

Карьера кунида нималарга эришилди?

Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту

29.04.20221031
Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишидаЖамият

Ўқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида

Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла

16.05.2022896
Йод етишмовчилиги жиддий муаммоЖамият

Йод етишмовчилиги жиддий муаммо

Йод ҳаётий зарур микроэлемент ҳисобланади ва озиқ-овқатлар билан истеъмол қилинади. Қалқонсимон без гормонлари учун йод жуда зарур. Агарда организмда йод етишмовчилиги доимий равиш

23.03.2023782