
Фарзандингиз мактаб остонасига қадам қўйди. Сиз ҳам у билан биргаликда ҳаяжонланиб ҳар куни ўқув муассасасига кузатиб қўясиз. Унинг янги муҳитга тезроқ, муаммосиз мослашиши, синфдошлари орасида ўз ўрнини топа олиши, янги муҳитда ўзини эркин ҳис қилишида оила “об-ҳаво”сининг аҳамияти катта. Бола энг яқин, жонли, дилдан уюштириладиган мулоқотга қанчалик кўп жалб этилса, кутилган натижа шунчалик ижобий бўлади. Бунинг учун сиздан алоҳида тайёргарлик талаб этилади.
Сиз, аввало, болангиз учун алоҳида вақт ажратишга ҳаракат қилсангиз натижа, албатта, ижобий бўлади. Ўзингиз биринчи марта мактаб остонасига қадам қўйганингизни эсланг, энг қувончли ва ҳаяжонга тўла дамларини болангизга ҳикоя қилиб беринг.
Фарзандингиз ўзини йўқотиб қўймаслиги учун унга зарур маълумотларни ўргатинг. Яъни, бу ёшдаги болалардан “Ойингнинг исми нима?” деб сўралганда баъзида улар “ойи”, ёки “опа” деб жавоб беради. Ўзининг исмини сўраганингизда эса сиз эркалаб чақирадиган исмни айтиши мумкин. Шунинг учун болага биринчи навбатда ўзининг ва ота-онасининг тўлиқ исми-шарифи, яшаш манзилини яхши ўрганиб олишига аҳамият беринг.
Болангизни мактабда учраши мумкин бўлган қийинчиликлар ва омадсизликлар билан қўрқитманг. Кўпчилик болалар бу ёшда бир жойда ўтира олмайдилар, ўқишни, ҳисоблашни истамайдилар. Эрталаб уйқудан уйғониши, мактабга бориши осон кечмайди. Шундай пайтда уларга “Сени мактабга олмайди”, “Икки баҳо қўядилар”, “Синфда устингдан куладилар” каби сўзлар билан огоҳлантириш ҳам яхши натижа бермайди. Тўғри, дастлаб бу иш ижобий бўлади, лекин бора-бора акс таъсир кўрсатиши ҳам мумкин. Сабаби бола ўз хоҳишини енгишга қийналади ва олдинга қадам босишга иккиланиб қолади, кейин ўзига осонроқ кўринган қарор қабул қилади: “Мактабга бормайман”.
Болани яхши сўзларга ўргатиш – оилавий муносабатларнинг аксидир. Болангизнинг нутқида “раҳмат”, “марҳамат”, “кечирасиз”, “мумкинми?” каби сўзларни тез-тез ишлатишга ўргатинг. Аввало, бунинг учун оиладагилар ҳам бир-бирларига шу сўзларни қўллаб туришлари мақсадга мувофиқ бўлади. Айниқса, болага нисбатан бу сўзларни тез-тез қўлланг.
Уни мустақил ҳаётга ўргатинг. Бола кундалик турмушда қанча кўп нарсани мустақил бажарса, ўзига шунча ишончи орта боради. Унинг ўзи кийинишга, кийимларини жойига илиб қўйишга, тугмаларни қадашга ўргатинг. Зарур нарсаларни сўраб олишга, масалан, мактабда “ошхона қаерда жойлашган?” ёки “қанақа овқат бор?” каби саволларни бериб ўзига керакли жавобларни олишга, шифокор ҳузурида навбат олиш каби ишларни ҳам ўзи ҳал қилсин. Уйда кечки таом тайёрлашда ҳам унинг фикри билан ўртоқлашинг, қизиқишини инобатга олинг. Дам олиш кунларини ташкил этишда ҳам ҳар бир оила аъзосининг вақти ва қизиқиши ҳисобга олиниши керак. Бунда ҳам албатта, боланинг фикрини сўранг. Уни ҳам оилада ўз ўрни борлигини, фикрлари инобатга олинишини ҳис қилишга ўргатинг.
Фарзандингизни ҳис қилишга, ҳайратланишга ўргатинг. Бирга тез-тез сайрга чиқиб туришга ҳаракат қилинг. Диққатини табиатдаги ўзгаришларга қаратинг. Масалан, баҳорда биринчи гуллайдиган дарахт, биринчи очиладиган чечак, кунларнинг исиши, қушларнинг учиб келиши, кузда баргларнинг ранги ўзгариши, тўкилиши... буларнинг ҳаммасини шундай чиройли гаплар билан тасвирлаб берингки, болангиз атрофга бефарқ бўлмасин. Уни севинишга, ҳайратланишга ўргатиб боринг. Демак, боламиз нафақат билимли, ақлли бўлиши, балки киришувчан, мослашувчан, муайян вазиятларда мустақил ечим топаоладиган бўлиб улғайиши ҳам зарур экан. Маслаҳатларимиз сизга асқотиб қолади, деб умид қиламиз.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
БарчасиЎқувчингиз «хобби»сини биласизми?
Ўқувчилар ўртасида ҳаётга енгил муносабатда бўладиган, дунёқараши тор ва юзаки фикрлайдиган ўсмирлар ҳам йўқ эмас. Аслида ҳаёт гўзаллигидан баҳраманд бўлиш, уни қанчалар қизиқарли
ЖамиятГендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик
Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр
Карьера кунида нималарга эришилди?
Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту
ЖамиятЎқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида
Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла
