Ёз мавсуми тугаб, янги ўқув йилининг бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Гўзал юртимизнинг сўлим оромгоҳларида эса ҳали-ҳануз болаларнинг шўх-шодон кулгиси янграйди.
Мусаффо ҳаво, барча шарт-шароитларга эга, бетакрор табиат қўйнида жойлашган дам олиш масканларидаги жажжи ўғил-қизларнинг завқли онларига гувоҳ бўлиш мақсадида Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманига қараб йўл олдик.
Учқур машинамиз тоғ йўлларида илдам одимлаб борар, гўзал табиат ва оромбахш ҳаво киши кўнглини чоғ этади. Йўл-йўлакай туманда олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободончилик ишларини кўриб, кўзимиз қувнайди. Эътиборлиси, бундай янгиланишлар оромгоҳлар тизимини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Биз борган илк манзил ҳам янги қуриб, фойдаланишга топширилган “Баркамол авлод” оромгоҳи бўлди.
Мазкур болалар дам олиш маскани Бўстонлиқ туманининг Хондайлиқ қишлоғида жойлашган. 2,5 гектар ер майдонидан иборат шинам оромгоҳда айни пайтда 150 нафар бола мароқли ҳордиқ чиқармоқда. Муассаса ён-атрофининг озодалиги, анвойи гуллар ва манзарали дарахтлардан иборат ўзига хос ландшафт ҳудудга ўзгача кўрк бахш этиб турибди. Замонавий ошхона, турар жой биноси, спорт майдончалари, ёзги сузиш ҳавзаси дам олувчилар ихтиёрида.
– Болаларнинг мазмунли ҳордиқ олиши, жисмоний куч-қувватга тўлиши учун муассасамизда турли спорт тўгараклари ташкил этилган, – дейди оромгоҳ раҳбари Муяссар опа Аҳмаджонова. – Шунингдек, моҳир қўллар, рассомчилик, бисер тўқиш тўгараклари уларнинг бўш вақтини янада унумли ўтишига хизмат қилса, мўжазгина кутубхона интеллектуал салоҳиятини, билим доирасини юксалтиришга ёрдам беради.
Дам олиш маскани ҳудудини кўздан кечира туриб, болалар ўртасида ўтказилаётган “Сиз солиқни биласизми?” деб номланган танлов устидан чиқдик. Улар 4 гуруҳга бўлинган ҳолда турли шартлар бўйича ўз билимини синовдан ўтказишаётган экан. Танлов иштирокчилари билан суҳбатлашиб, болаларнинг билимли ва юксак салоҳият эканидан қалбимиз қувончга тўлди.
Дам олувчи ўғил-қизлар билан кун ярмидан ўтиб хайрлашдик. Навбатдаги манзилимиз Оқтош қишлоғида жойлашган “Зилола” болалар оромгоҳи бўлди. Айни пайтда ушбу муассасада Тошкент шаҳри ва вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятидан келган жами 355 нафар бола мароқли дам олмоқда. Азим чинорлар бўй чўзган оромгоҳнинг иқлими мусаффо. Дарахтларнинг шовури эса бу ерга ўзгача шукуҳ бағишлайди. 13 гектар ер майдонини эгаллаган муассаса ҳудудидан шифобахш ичимлик суви чиқади.
– Мусаффо табиат гўзаллигидан баҳраманд бўлишлари учун 100 нафар болани “Зилола” оромгоҳига олиб келдик, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидан ташриф буюрган Наргиза Саидова. – Беш маҳал иссиқ овқат, режали соғломлаштириш машқлари, турли тўгараклар орқали болалар мириқиб ҳордиқ олишмоқда. Яқинда дам олувчилар иштирокида спартакиада ўтказилди. Қувонарлиси, ушбу беллашувларда қорақалпоғистонлик ўғил-қизлар ҳам турли йўналишларда ғолибликни қўлга киритишди.
Муассасада болалар хавфсизлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилган. Малакали тарбиячи ва етакчилар, тиббиёт ходимлари туну кун болажонлар хизматида. Янги сузиш ҳавзасининг қуриб битказилиши эса дам олувчилар учун ажойиб туҳфа бўлди.
Оромгоҳлардаги мавжуд шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, тизимдаги ижобий ўзгаришлар йил сайин такомиллашиб бораётганига яна бир бор гувоҳ бўлдик. Бу ҳам бўлса, фарзандларимиз камолоти йўлида амалга оширилаётган хайрли ишларнинг самарасидир.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
Тиббий сабоқларБаҳорги аллергия болаларда хавф туғдирмайдими?
Қишнинг совуқ кунлари ортда қолиб, биз орзиқиб кутган гўзал баҳор оламга ўз сепини ёйди. Ушбу гўзал кунлар афсуски, айримлар учун беҳузурлик, безовталик ҳам олиб келиши мумкин. Алл
ЖамиятГендер зўравонликка қарши 16 кун фаоллик
Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (УНФПА) томонидан Ўзбекистон Республикаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Буюк Бр
Карьера кунида нималарга эришилди?
Бугунги кунда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласи жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Куни кеча Вебстер университети таълим дасту
ЖамиятЎқувчилар чиқишлари ҳарбийлар олқишида
Шайхонтоҳур туманидаги 10-умумтаълим мактабида "Хотиралар тўлқини" номли тадбир ўтказилди. Унда ўқувчиларнинг жанговор чиқишлари, улар иштирокидаги саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқла
