Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Атиргул ифори

04.08.2013
72 марта ўқилди
Атиргул ифори

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида истеъдодли шоир Салим Ашурнинг "Муҳаббат китоби" номли янги тўплами нашр этилди. Унда шоирнинг севги мавзуидаги икки юздан зиёд сара шеърлари, "Муҳаббат" манзумаси ва "Атиргул" достони жамланган.

Салим Ашур шеърият бўстонига кириб келган илк вақтлариданоқ тинимсиз ураётган ва ёниб яшаётган юрак торларида дилдор куйлар ижро қилиб келаётган бедор шоир.

Юрагингга боқиб кўрганмисан?

Кириб кўрганмисан юрагингга ҳеч?

Унинг ҳар бир шеърида фасллар ва ранглар орқали яъни рамзлар асосида қалб туй­ғуларини очиб беришга урунишни сезиш қийин эмас. Баҳор, атиргул, қиш, қор, қуёш, кўк, баҳорранг, беда гулли чучмома, чақмоқ...

Дил, нилуфар кафтлари бўйлаб,

Анор каби титил, ситилгин.

Сочларининг ҳар торин куйлаб,

Қаро, қаро тўкилгил, эй дил.

Унинг учун мунис-мушфиқ ва жон фидо оналар ҳамиша илҳом манбаи, куйга олинажак оҳанг, инсон зоти талпинар Ердаги Қуёш.

Бошимда йиғлади бир қуёш,

Пойимда ўртанди битта Ер,

Онажон – энг юмшоқ, мунис тош,

Синиб кетмадингми, жавоб бер.

Шоир ҳеч қачон ва ҳеч қандай қафасларга сиғмайди, кўнгилнинг бепоён ва фусункор кенгликларида озод қуш каби учишни истайди. Бунга имкон қила олмаганида, орзулари ушалмаган кезларда бахт­сизликдан инграб-титраб туради.

Кулбанинг бир кунжида нондай

Синиб ётар бўрон – қанотим.

Муҳаббат – бокиралик фасли. Ёшлик умр­нинг гул даври, шоҳ қасри. Бу шамол каби ошиғич палла бошқа такрорланмайди. Ишқ бўстони севги булоғидан сув ича бошлаган шундай беғуборлик фаслини шоир мусаввирнинг энг нозик мўйқалами билан безайди.

Ўн саккизда севилган шу қиз,

Ўн саккизда севилган шу юз,

Ўн саккизда севилган шу қиз,

Ўн саккизда қолади мангу!

Аёлнинг барчаси гўзал, айниқса, улар ё севиб, ё севилиб қолган онида бу ҳолат бўртиб кўринади. Шоир талқинида муҳаббат – бахтнинг шукуҳи илоҳий бир неъмат янглиғ янграйди.

Мен шод бўлмагандим сизни топгунча,

Сиз билан шод бўлдим,

сиз билан кулдим...

Севги ҳарорати қалбига ўт қўйганида, ёрнинг жамолини ўзгадан рашк қилганида маҳбубасини еру кўкка ишонмасдан изтиробла куйлайди.

Сени ишонмадим дунёга,

Кўзимнинг ичида авайлаб юрдим.

У қўллаган ва ўзгача талқинда жилоланган сўзлар тилимизни нафис ранглар ила бойитади, инсон қалби жонли табиат билан яхлит уйғунланиб кетади... Бодпаррак, чоғир, очун, сахт-сумбат, сеҳрбон, гардун, аъроф, ёғмур, замбариқ, ширмамўмиё, шудрингқуш, янгорар оҳанг, чувоқта қуш, осмон равоғи, шуълагул, чирилдоқмонанд, дилкўча рамзларга йўғрилган маъно гулшани, Салим Ашур шеърият оламига янада ошуфталик ва серқирралик бағишлаб турган атиргулнинг майин ифори.

Шунингдек, шоир барча замонларда ҳам чин инсон бўлиб қолиш нечоғли мураккаблиги, ҳурлик, ўлим ҳақида сезгир ва таъсирли фикрлайди, қалб буюклигига ишора қилади.

Ўлимга-ку минг бор розиман,

Нима қилай, ўлмайди бу қалб.

Салим Ашур давримизнинг эътиборли ижодкорлари – Чори Аваз, Акмал Нур, Зебо Мирзаева ва жаҳон тан олган Сергей Есенин ҳақида шеърлар ёзар экан, уларнинг ички оламига чуқур сизиб киради, ҳар бир сезимлари ва ҳаёт тамойилларини ўз вужуди ўтказгичи орқали идроклайди. Салоҳияти шахсларнинг яратувчанлик қудратини яққол кўрсатиб беришга қарор қилади. Жумладан, Сергей Есенин тилидан шундай ёзади:

Йигирма беш ёшда дунёни – мана

Шу дунёни ўзим бердим-ку қуриб.

Мен сизларга Ватан топиб бергандим,

Сизлар эса менга бердингиз фириб.

Салим Ашурнинг ёниқ ва ўтли қалами остида бахт, соғинч, она, умид, тақдир-пешона, таскин, фироқ, ҳасрат, нур, соя, саодат, оқшом, тонг, қабр, меҳр ва хиёнат тушунчалари бутунлай ўзига хос таъриф-кўринишда акс этади, китобхонни ўйлашга ва мушоҳадага чорлайди.

Теглар:#2013/31

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Маънавият – билимлар асосиМаданият

Маънавият – билимлар асоси

Ташкент давлат техника университети “Геология қидирув ва кон металлургия” йўналишига тегишли ётоқхонада яшовчи талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш одат тусига айланган. Б

15.11.20241222
Халқаро кўргазма: кўриб чиқиш ва намойиш этиш платформасиМаданият

Халқаро кўргазма: кўриб чиқиш ва намойиш этиш платформаси

"Ўзэкспомарказ" павильонларида 15-юбилей Марказий Осиё "Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2024" халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Бу йил 15 йиллигини нишонлаётган C

12.09.2024431
ЎЗБЕКИСТОНДА МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТДИМаданият

ЎЗБЕКИСТОНДА МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТДИ

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ва ОАВ миллий ассоциацияси томонидан ташкиллаштирилган Маданий мерос ҳафталиги ўз якунига етди

22.09.2021362
БИР ЖАМОА. БИЗ ТУРЛИМИЗ. БИЗ ТЕНГМИЗМаданият

БИР ЖАМОА. БИЗ ТУРЛИМИЗ. БИЗ ТЕНГМИЗ

3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни “Ўзбекистон” Халқаро анжуманлар саройида 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан «Бир жамоа» деб номланган катта концерт дастури на

01.12.2021353