
Даврлар ўтиши, турмуш тарзининг ўзгариши, дунёқараш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишлар сабабли кўҳна билимлар унитилиб, уларнинг ўрнини замонавий фан ютуқлари эгаллаб боришига қарамай, эскиларнинг изи халқ хотирасида турли кўринишларда сақланиб келмоқда.
Халқимизнинг қуёш тақвими, йил давомида кечувчи табиатдаги ўзгаришлар мавсуми ҳақидаги билим ва тажрибалари мавсумий маросимлар, уларда куйланувчи қўшиғу айтимлар, нақл, афсоналар, мақолу топишмоқ ва фолклорнинг бошқа жанрлари таркибида сақланиб келмоқда. Шу жиҳатдан олиб қаралса, Наврўз байрами қўшиқ-айтимларида бу куннинг аҳамияти, халқ ҳаётида тутган ўрни янада мукаммал бадиий ифода топганлигини кузатамиз.
Одатда унитилган деб ҳисобланувчи қадим маросимларнинг излари болалар фолклори таркибида сув юзасида қалқиб, кўзни қувонтирувчи нилуфар гул сингари бизгача омон етиб келганлигига гувоҳ бўламиз. Сиртдан қараган кишига нилуфар гули сувнинг ҳадясидек кўринади. Аслида эса у сув остида мустаҳкам илдизларнинг меваси эканлигини сув тубига назар ташлаб билиб оламиз. Худди шунингдек деярли барча қадимий болалар ўйинлари, айтим, қўшиқлари, эртак, нақллари, топишмоғу мақоллар қайсидир маросимнинг акс-садосидир.
“Бойчечак” қўшиғи ва болалар томонидан ўтказилувчи Бойчечак маросим ҳам шундай ноёб намуналар сирасига киради. Бойчечак маросими республикамизнинг деярли барча вилоятларида, баъзи ўринларда қисқа урф-одат кўринишида, бир қатор ҳудудларда фақат қўшиқ шаклида сақланиб келмоқда. Қадим Бойчечак маросими Жиззах, Самарқанд, Ургут, Наманган, Андижонда болалар томонидан уюштирилувчи урф-одат шаклида қайд этилган. Бунда болалар илк чиққан бойчечакни олиб, худди Рамазон қўшиғини айтгани каби хонадонма-хонадон юриб, қуйидаги қўшиқни куйлашган.
Бота-бота бойчечак,
Уйингизга чоч тилла,
Худойим ўғил берсин,
Отгинаси Раҳматилла...
Ёки:
Бака-бака-бот, бой тилла,
Эшигингизга ой тилла...
Хонадон эгалари бойчечакчиларга худди Рамазон айтиб келувчиларга тортиқ берганидек, кўнгилларидан чиқариб ҳадялар улашишган, болалар қўлидаги бойчечакни тавоф этиб:
– Омонлик, сомонлик,
Ҳеч кўрмайлик ёмонлик,
деб олқишлар айтишган.
Тортиқ олганлар эса хонадон эгасига худди рамазончилар айтгандек тилак билдиришган. Аслида бугун урфга айланган Рамазон айтиш одати Бойчечак маросимининг тадрижий, ўзгарган шакли ҳисобланади.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида турли усулларда куйланувчи “Бойчечак” қўшиғини кўклам олқиши дейиш мумкин:
Бойчечагим бойланди,
Қозон тўла айронди.
Айронингдан бермасанг,
Қозонларинг вайронди.
Қаттиқ ердан қазилиб чиққан
бойчечак,
Юмшоқ ердан югуриб
чиққан бойчечак!
Қўшиқ давомида кўкламда ўтган “Бойчечак” маросими тартибини кузатишимиз мумкин. Бойчечакнининг терилиши, махсус маросим дарахтига безак сифатида тақиб чиқилиши ва:
Қилич билан чопдилар,
Бахмал билан ёпдилар.
Қаттиқ ердан қазилиб чиққан бойчечак,
Юмшоқ ердан югуриб чиққан бойчечак!
Деб куйлаш замирида қишнинг уйқуга кетиб, яъни маълум мавсумга ҳалок бўлиб, унинг ўрнини кўклам эгаллашини англаймиз. Болаларнинг “Бойчечакчи” – кўклам элчилари сифатида хонадонма-хонадон юриб маросим шартларини бажариши ушбу мисраларда акс этган.
Оғритманг-о, оғритманг,
Болаларни жавратманг.
Бойчечагим боласи,
Қулоғимда донаси,
Донасин олай десам,
Чиқиб қолди онаси.
Қаттиқ ердан қазилиб
чиққан бойчечак,
Юмшоқ ердан югуриб
чиққан бойчечак!
Бойчечагим бойланди,
Кўчама-кўча айланди.
Бойчечагим кўк сомса
Чўнтакларга жойланди.
Қаттиқ ердан қазилиб
чиққан бойчечак,
Юмшоқ ердан югуриб
чиққан бойчечак!
Бир сўз билан айтганда “Гунафша”, “Ёмғир ёғолоқ”, “Чучвара қайнайди-ё”, “Читти гул”, “Оппоқой” каби бетакрор қўшиқларнинг барчаси кўклам тасаввурлари, Наврўз байрами маросимлари тизимининг гўзал ҳалқаларини тиклаб, идрок этишимизга хизмат қилади.
Хуллас баҳор байрами – Наврўз ўйинлари, томошалари, қўшиқларида халқимизнинг табиатдаги ўзгаришлар, фасллар алмашинуви билан боғлиқ эътиқодий қарашлари ва инсон кўнглидан кечувчи некбин ҳис туйғулар ўзининг бадиий ифодасини топганлигини кўрамиз.
Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!
«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.
Шу мавзудаги бошқа мақолалар
Барчаси
ИқтисодОИТСга қарши курашиш тизимини рақамлаштириш: инновациялар, долзарб муаммолар ва амалий ечимлар
Бугунги кунда мамлакатимизда ОИВ/ОИТС касаллигига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2023 йил 20 январдаги “Одамнинг иммунитет танқис
ИқтисодЯнги лойиҳа: малина қандай етиштирилмоқда?
Бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги махсулотларини етиштиришда илғор ютуқларга эришилмоқда. Жумладан, 2023 йилда "Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшимча қиймат занжири ярати
ИқтисодЎзбекистонда инклюзив рақамлаштириш ва бизнес жараёнларни аутсорсинг қилиш
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон Банки билан ҳамкорлигида “Ўзбекистонда инклюзив рақамлашти
ИқтисодМЕТРОЛОГИЯ — ЖАҲОН ОЙНАСИДА
Сўнгги йилларда мамлакатимизда миллий метрология соҳасида ўлчашлар натижаларининг халқаро даражада эътироф этилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Давлат метрология муассасаларини
