Асосий контентга ўтиш
Sog'lom Avlod

Aждодлар ёди муқаддас

25.09.2013
83 марта ўқилди
Aждодлар ёди муқаддас

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлол йилларида миллий қадриятларимизни тиклаш, унутилган аждодларимиз хотирасини тиклаш, маданиятимиз ва санъатимиз ривожига ҳисса қўшган ижодкорлар фаолиятини ўрганиш, уларнинг бой маънавий меросини асраб-авайлаш, азиз авлиёларимиз қадамжоларини мўътабар зиёратгоҳларга айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда бу ёш авлодни эзгу ғоялар асосида тарбиялашга хизмат қилмоқда. Юртимиз озодлиги ва мустақиллиги учун курашларда матонат кўрсатган, миллатни ҳурлик ва эркинликка чорлаган, мустабид тузум йилларида қатағон этилган фидойи ватандошларимизнинг мўътабар хотирасини абадийлаштириш, уларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти, илмий-ижодий меросини чуқур ўрганиш, ёшлар қалбида метин иродали, мард аждодларимиз руҳига эҳтиром туйғуларини кучайтириш мақсадида қатор ибратли ишлар олиб борилмоқда.

Юрт­бошимиз "Юксак маънавият – енгилмас куч" номли асарида: "Эл-юртимиз тақдирига даҳл­дор бўлган тарихий адолатни тиклаш, халқимиз ва миллатимизнинг яқин ўтмишидаги ёпиқ саҳифаларини тўла очиб бериш, шу тарихдан сабоқ чиқариб, бугунги ва келажак ҳаётимизга онгли қарашни шакллантириш, бегуноҳ қурбон бўлган инсонлар хотирасини абадийлаштириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз", – дея таъкидлаган эди.

Президентимизнинг 1999 йил 12 май куни эълон қилинган мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш борасидаги Фармойиши ва Вазирлар Маҳкамасининг "Ватан ва халқ озодлиги йўлида қурбон бўлган фидоийлар хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги қарорлари мустамлакачилик зулми натижасида таъқибга учраган минглаб ватандошларимизнинг хотирасини абадийлаштириш ишларида муҳим дастуруламал бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 йил 1 майдаги "Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисида"ги Фармони қабул қилиниб, унда: "Эл-юртимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида, халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда қурбон бўлганлар хотираси миннатдор авлодлар ёдида абадий сақланиб қолади. Мустабид тузум даврида миллионлаб бегуноҳ инсонларнинг умри хазон бўлганини, қанча-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, қанча-қанча гўдаклар етим қолганини тарих, бугунги ва келажак авлод ҳеч қачон унутмайди", дейилган. Фармоннинг қабул қилиниши мазкур йўналишдаги тадқиқотларни кенгайтириш ва чуқурлаштиришга, мустамлакачилик даврида миллий истиқлол ва тараққиёт йўлидаги интилишлари учун ноҳақ жабр кўрган ватандошларимизнинг исм-шарифларини аниқлаш, таржимаи ҳоллари ва фаолиятларини ўрганиш орқали уларнинг хотираларини абадийлаштиришда кенг имкониятлар яратди.

Сўнгги йилларда амалга оширилган хайрли ишларнинг натижаси ўлароқ "Қишлоқ фожиаси: жамоалаштириш, қулоқлаштириш, сургун" тўплами, "Истиқлол йўлида шаҳид кетганлар", "Тарихнинг ҳасратли саҳифалари", "Қор қўйнида лолалар" каби қатор йирик асарлар дунё юзини кўрди. Республика "Мерос" халқаро илмий-амалий экспедиция хайрия жамғармаси илмий жамоатчилиги 2001, 2004, 2008 йилларда Шимолий Кавказ, Украина, Қозоғистон Республикалари бўйлаб ўтказган экспедицияларида архивлардан тўпланган ҳужжатлар асосида 2005-2009 йилларда беш жилдлик "Қатағон қурбонлари" ва "Репрессия" номли тўпламлар нашр қилинди. Ўзбекистонда илк бор эълон қилинган мазкур ҳужжатлар қимматли аҳамиятга эга бўлиб, тўпламда қатағон қурбонларининг аянчли қисмати яққол акс этган.

Шўро тузуми томонидан 1937-1953 йилларда қатағон қилинган 100 мингдан ортиқ юрт­дошларимиздан, 20 мингининг номи аниқланган бўлиб, бугунги кунда тарихчи олимларимиз олдида қолганларини излаб топиш, улар хотирасини абадийлаштириш, мазкур даврга нисбатан ҳаққоний баҳо беришдек муҳим вазифа турибди.

2012 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси, "Қатағон қурбонлари хотираси" музейи ва "Шаҳидлар хотираси" жамоат фонди ҳамкорлигида "Мустақиллик йилларида ўзбек тарихшунослигида қатағон даври тарихининг ўрганилиши: ютуқлар, муаммолар ва ёндашувлар" мавзусидаги илмий-амалий анжуман ўтказилган эди. Анжуманда соҳа олимлари иштирокида ўша давр воқеалари кенг муҳокама қилинди ва анжуман материаллари алоҳида илмий мақолалар тўплами сифатида нашр этилди. Шунингдек, жорий йилда "Қатағон қурбонлари хотираси" музейи ва "Шаҳидлар хотираси" жамоат фонди ҳамкорликда "Қатағон қилинган ўзбек ёзувчилари адабий меросининг миллий истиқлол ғояси тарғиботидаги ўрни ва аҳамияти" мавзуидаги Республика илмий-амалий анжумани ўтказилди ва анжуман материаллари алоҳида илмий мақолалар тўплами сифатида нашр этилди.

Теглар:#2013/35

Тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлинг!

«Соғлом Авлод» расмий Telegram каналига аъзо бўлинг.

Каналга ўтиш (@soglomuz)

Шу мавзудаги бошқа мақолалар

Барчаси
Маънавият – билимлар асосиМаданият

Маънавият – билимлар асоси

Ташкент давлат техника университети “Геология қидирув ва кон металлургия” йўналишига тегишли ётоқхонада яшовчи талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш одат тусига айланган. Б

15.11.20241222
Халқаро кўргазма: кўриб чиқиш ва намойиш этиш платформасиМаданият

Халқаро кўргазма: кўриб чиқиш ва намойиш этиш платформаси

"Ўзэкспомарказ" павильонларида 15-юбилей Марказий Осиё "Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME 2024" халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Бу йил 15 йиллигини нишонлаётган C

12.09.2024431
ЎЗБЕКИСТОНДА МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТДИМаданият

ЎЗБЕКИСТОНДА МАДАНИЙ МЕРОС ҲАФТАЛИГИ БЎЛИБ ЎТДИ

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ва ОАВ миллий ассоциацияси томонидан ташкиллаштирилган Маданий мерос ҳафталиги ўз якунига етди

22.09.2021362
БИР ЖАМОА. БИЗ ТУРЛИМИЗ. БИЗ ТЕНГМИЗМаданият

БИР ЖАМОА. БИЗ ТУРЛИМИЗ. БИЗ ТЕНГМИЗ

3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни “Ўзбекистон” Халқаро анжуманлар саройида 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан «Бир жамоа» деб номланган катта концерт дастури на

01.12.2021353